Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Маҳалла – фуқаролик жамиятининг муҳим институти

Жорий йилнинг май-июнь ойларида ўтган сайловларда раис маслаҳатчилигига сайланган фуқаролар айни пайтда маҳаллалар қошидаги комиссиялар етакчиси сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда самарали фаолият олиб боришмоқда.

 «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Хоразм вилояти бўлими, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят Адлия бошқармаси ва бошқа бир қанча мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда ташкил этилган янги сайланган раис маслаҳатчилари — фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар раисларининг ўқув-семинарларида мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Машғулотлар замонавий шакл ва методлардан, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликка кўра, сайланган фуқаролар йиғинлари раисларининг маслаҳатчилари маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган асосий йўналишлар бўйича 8 та жамоатчилик комиссияларининг 6 тасига раҳбарлик қилади.

Урганч шаҳрининг «Фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ишини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб-тамойиллари» мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда шаҳардаги 37 та маҳалланинг комиссия раислари учун Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Адлия, Халқ таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Урганч шаҳар бўлими, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда қатор ташкилотлар мутахассислари томонидан маърузалар қилинди.

— Ўқув-семинарда фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари ишига маҳалла фаолларини кенг жалб этишнинг моҳияти ва аҳамияти ҳамда тартиб-тамойиллари атрофлича тушунтириб берилди, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Урганч шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси Маърифат Бобожонова. — Шунингдек, тадбирда жамоатчилик комиссиялари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, уларнинг фуқаролар йиғини фаолиятида тутган ўрни ва аҳамияти, комиссиялар тўғрисидаги Намунавий низомлар қоидалари асосида улар фаолиятининг мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мисоллар орқали очиб берилди.

Тингловчиларга ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан таклифлар бериш имконияти яратилгани, шунингдек, уларнинг фаолиятидаги илғор тажрибалари билан ўртоқлашилгани фаолларнинг ўзаро тажриба алмашишида қўл келди. Қизғин мулоқотларда орттирилган билим ва кўникмалар комиссиялар раҳбарларига келгусида ўз иш фаолиятларини самарали ташкил этишда асқатиши шубҳасиз.

— Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан фуқаролар йиғинлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг янада кучайишига, фуқароларнинг давлат бош­қаруви органлари фаолиятидан хабардорлик даражасининг ортишига ҳамда маҳаллий даражадаги муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилишига имкон яратувчи муҳим жараён бўлиб хизмат қилади, — дейди Урганч шаҳридаги «Темир йўлчи» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Фотима Жумабоева. — Бугунги ўқув-семинарда ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдик. Айниқса, машғулотлар амалиёт билан уйғун олиб борилгани ҳар жиҳатдан фойдали бўлди

Машғулотларда мавжуд комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш, низомда белгиланган ваколат ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, баённомалар, ижтимоий шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, фуқаролар мурожаатларига эътибор қаратиш борасида ҳамкор ташкилотлар мутахассисларининг маърузалари тингланди.

Интерфаол усулда олиб борилган ўқув жараёнида юртимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаёти, қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш, аҳоли бандлиги, тўй- ҳашамларни тартибли ўтказиш, оилавий низолар, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, тўйдан олдинги тиббий кўрик, атроф-муҳит муҳофазаси, тозалик ва ободончилик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сингари муҳим вазифалар бўйича керакли тавсиялар берилди.

Ўқув-семинарлар вилоятимизнинг барча туманларида ишчан руҳда давом этди.

Дилрабо Курязова,

Институтнинг Хоразм вилояти ҳудудий

 бўлинмаси етакчи мутахассиси

Мақола  вилоят «Иқтисод таянчи» газетаси, 31 август, 2016 йил, №16 (407)да чоп этилган