Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
«Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ишини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб-тамойиллари» мавзусида ўқув семинарлари давом этмоқда
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фуқаролик жамиятининг асосий бўғини бўлган маҳалла институтининг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Бугунги кунда, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ахолига энг яқин бўлган, анъанавий демократик бошқарув тизими сифатида, ҳуқуқ ва ваколатлари босқичма-босқич кенгайиб, жамият бошқаруви тизимидаги ўрни ва роли кучайиб бормоқда. Ҳозирги вақтда, фуқаролар йиғинлари томонидан илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатида бўлган 30 дан зиёд вазифалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг май-июнь ойларида, мамлакатимизда ўтган муҳим жараён фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови, демократик тамойиллар асосида, тенглик ва ошкоралик руҳида, юқори савияда ўтди. Сайлов жараёнларида, 9764 нафар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг 105 мингдан ортиқ маслаҳатчилари сайланди. Чунончи, янги сайланган раисларнинг 67 фоизи, маслаҳатчиларнинг 53,3 фоизи ушбу вазифага биринчи марта сайланди. Жамиятимиз ҳаётидаги ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир, маҳалла институтининг нуфузини ва ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини янада ошришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Айни вақтда, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини ҳамда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватанга ва миллий истиқлол ғоясига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларидаги ўрни ва аҳамиятини, соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, янги сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчиларига тушунтириш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликка кўра, сайловда сайланган фуқаролар йиғинлари раисларининг маслаҳатчилари маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган асосий фаолият йўналишлари бўйича 8 та жамоатчилик комиссияларининг 6 тасига раҳбарликни амалга оширади. Жумладан, бугунги кунда республикамизнинг барча фуқаролар йиғинларида шакллантирилган Маърифат ва маънавият, Хотин-қизлар билан ишлаш, Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт, Тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш, Экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияларга раҳбар сифатида раис маслаҳатчилари сайландилар.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгашининг 2016 йил 16 июндаги қарорига асосан, фуқаролар йиғинларидаги, юқорида қайд этилган 6 жамоатчилик комиссиялари раисларининг билим ва малакаларини ошириш мақсадида, барча туман ва шаҳарларда «Фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ишини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб-тамойиллари» мавзусида ўқув семинарлари, жорий йилнинг 20 июль – 20 август кунлари оралиғида ўтказилиши белгиланди.
Ўқув семинарларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарори билан, намунавий дастур асосида, семинарларда маъруза билан иштирок этувчи тегишли Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, «Маҳалла» фонди, Республика Маънавият тарғиботи маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ЁИҲ ҳамда Адлия, Халқ таълими вазирликлари ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлимларининг малакали ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари шакллантирилди, улар зарур ўқув материаллари (маъруза матнлари, тарқатма материаллар ва слайдлар) билан таъминланди. Тадбирларни замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, интерактив мулоқотлар тарзида ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Жорий йилнинг 20 июль куни Самарқанд ва Фарғона вилоятларида илк ўқув семинарлари бошланган бўлса, 29 июль куни Навоий вилоятида семинарлар ўз ниҳоясига етди.
Бугунги кунга қадар Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Навоий, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги 7 мингдан зиёдроқ жамоатчилик комиссиялари раислари семинарларда иштирок этишди.
Ўтказилаётган ўқув семинарларида, фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари ишига маҳалла фаолларини кенг жалб этишнинг моҳияти ва аҳамияти ҳамда тартиб-таомиллари атрофлича тушунтириб берилмоқда. Шунингдек, ҳар бир комиссия раислари учун комиссиялар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, уларнинг фуқаролар йиғини фаолиятида тутган ўрни ва аҳамияти, комиссиялар тўғрисидаги Намунавий низомлар қоидалари асосида улар фаолиятининг мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мисоллар орқали ёритиб берилмоқда.
Фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ишини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб-тамойилларига бағишланган семинарлар жойларда давом этмоқда.
Институт Ахборот хизмати