Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Институтнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жойларда семинар-тренинглар ўтказилмоқда
Аввалроқ хабар қилинганидек, 2016 йил май ойининг иккинчи ярмидан бошлаб Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ) томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи Комиссияси ҳамда сиёсий партияларнинг ҳудудий кенгашлари билан ҳамкорликда сиёсий партиялар депутатлик бирлашмаларининг аъзолари ва сайлов фаоллари учун “Сиёсий партиянинг дастурий мақсадлари ва унинг доимий электорати манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда ҳудудларни ривожланиш дастуридан келиб чиқиб халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида семинар-тренинглар ўтқазилмоқда.
Семинар-тренинглар давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг устувор давлат дастурлари ҳамда ҳудудлар иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастурларини амалга оширишдаги амалий иштироки қизғин муҳокама қилинмоқда. Тўпланган тажрибага асосан, партия гуруҳларининг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига таъсир ўтказишнинг услубий жиҳатлари кўриб чиқилмоқда. Бунда уларнинг жойларда қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишдаги иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Семинар-тренинглар интерфаол усулларни қўллаган ҳолда олиб бориляпти. Бу иштирокчиларга партия гуруҳларининг қонунда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва ваколатларини янада самарали амалга ошириш йўллари бўйича фикр ва мулоҳазаларини билдиришга имкон яратмоқда.
Жумладан, семинар-тренинг иштирокчиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги О‘zLiDePдепутатлик гуруҳи аъзоси А. Нарзуллаевнинг таъкидлашича, Сайловолди Дастурида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этиш депутатларнинг зиммасига катта масъулиятлар юклайди. Зотан, партия электорати ва ҳайрихоҳларининг олдидаги айрим муаммоларни ўрганиш, тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари олдида турган тўсиқларни бартараф этишда албатта, депутатлик корпусларининг ўрни ва роли катта.
Депутатнинг таъкидлашича, ўтган йилда О‘zLiDeP Термиз шаҳар депутатлик гуруҳи вакиллари сайловчилар мурожаатлари бўйича Термиз шаҳридаги турли идораларнинг мансабдор шахсларига жами 20 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг деярли барчасини ижобий ҳал этишга эришилди. Қолаверса, Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари йиғилишларига киритилган 2 та таклиф бўйича ҳам қарорлар қабул қилинди ва сессиялар муҳокамасига киритилди. Масалан, янги қурилаётган кўп қаватли уйларни гўзал, шинам массивларга айлантиришда доимий равишда сув, газ, электро-энергияси билан таъминланишини мониторинг қилиб бориш, ахоли яшаш жойлари ва кўп қаватли уйларнинг олдиларини, ён-атрофларини ободонлаштиришда чиқинди тозалаш машиналарини кўпайтириш таклифлари билдирилди.
Навоий вилоятида “Миллий тикланиш” Демократик партияси депутатлик гуруҳи вакиллари билан ўтқазилган семинар-тренингда партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари А.Бобомуродованинг фикрича, партия гуруҳи аъзоси Кенгаш депутати сифатида сайловчилар билан алоқа боғлаб туриши ўз сайлов округидаги вазият тўғрисидаги ахборотга эга бўлишнинг асосий манбаларидан биридир. Шунингдек, фуқаролар таклиф, ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш, сайловчилар билан учрашиш орқали партия гуруҳининг ҳар бир аъзоси фуқаролар шикоятига олиб келувчи сабаб ва шароитларни доимий равишда таҳлил қилиши, ўрганиши, уларни бартараф қилиш юзасидан ўз таклифларини давлат органларининг тегишли мансабдор шахсларига йўллаши, айрим масалаларни халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида кўриб чиқиш тўғрисидаги ташаббусни илгари суриши лозим.
Тошкент шаҳрида ўтказилган семинар-тренингда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Д. Аюпов Тошкент шаҳар Кенгашига ЎзХДПдан сайланган депутатлар фаолияти бўйича олиб борилган мониторинг натижалари, партия гуруҳи фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалалари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Семинар-тренингда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Р. Комилов, Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси, партия гуруҳи раҳбари Ҳ. Бобохонов, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари ўринбосари Б. Ғаниев партия гуруҳининг фракция, шаҳар ташкилоти ҳамда қуйи бўғинлар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, сайловчилар билан учрашувларни изчил ташкил этиш, депутатларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишларини кўпайтириш масалалари ҳақида тўхталиб ўтишди.
Ўтказилаётгна ҳар бир семинар-тренингда аҳолини ўз фаолиятидан (дастурий мақсадлари ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши масалалари бўйича нуқтаи назарлари бўйича) хабардорлигини ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жойлардаги ОАВ ва партия босма нашрлари билан ўзаро ҳамкорлигини самарали ташкиллаштиришнинг аҳамияти атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Семинар-тренинглар якунлаб бормоқда. Улар якунида иштирокчилар томонидан партиялар дастурий мақсадлари ва уларнинг доимий электорати манфаатлари ҳамда ҳудудларни ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини жойларда самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Институт Ахборот хизмати