Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ўтказилган таҳлиллар натижалари ана шундай хулоса қилишга асос бўлмоқда.

Мамлакатимиздаги сиёсий партиялар фаолияти таҳлили йилдан-йилга уларнинг аёлларга эътибори кучайиб бораётганини кўрсатяпти. Бугунги кунда мавжуд 4 та сиёсий партиянинг хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишида фаолият кўрсатувчи аёллар қанотлари ташкил этилган. Сиёсий партиялар томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш, қизларни эрта турмушга бериш ҳамда қариндошлар орасидаги никоҳнинг салбий иллатларидан огоҳлантиришга йўналтирилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада опа-сингилларимизнинг ташаббускорлиги ортиб боришига мустаҳкам замин яратилмоқда.     

 

Аёл тадбиркор бўлса – оилага барака киради

 

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Аёллар қаноти айнан ана шу ҳаётий ақидага амал қилиб фаолият олиб бораяпти, дейиш мумкин. Чунки унинг марказ ва жойларда ўтказаётган семинар, давра суҳбати, кўрик-танлов ва бошқа тарғибот тадбирларида асосан аёллар тадбиркорлигини йўлга қўйиш масалалари кўтарилмоқда. Хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка оид илғор ғоя ва ташаббусларини ҳаётга тадбиқ этишга кўмаклашиш O‘zLiDeP Дастуридаги устувор вазифалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам партия Аёллар қаноти 2015 йил давомида 1200 дан ортиқ давра суҳбати, учрашув, амалий мулоқот, семинар ташкил этди. Уларда 95 минг нафарга яқин хотин-қиз иштирок этди.

Бир қатор жамоат ташкилотлари ва тижорат банклари билан ҳамкорликда ўтказилаётган «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага», «Соғлом оила — мустаҳкам оила» сингари партиявий лойиҳалар шулар жумласидандир. 2012 йилдан бошлаб амалга ошириб келинаётган «Оилавий тадбиркорликдан мустаҳкам оилага» лойиҳаси асосида маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, гўзаллик салонлари, соғломлаштириш муассасалари очилмоқда. Бу эса хотин-қизларнинг уй юмушларини енгиллаштириш ва улар учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қиляпти. Энг муҳими, минглаб аёллар мазкур лойиҳа доирасидаги кўплаб тадбирларда ўз иқтисодий билимларини ошириш имконига эга бўлмоқда. Лойиҳа доирасида тижорат банклари томонидан 800 нафар хотин-қизга 9 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилиши натижасида жойларда 4 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Аёллар қаноти томонидан 2015 йилда «Фермер-аёллар» лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 4  минг 600 нафардан зиёд аёл иштирокида 160дан ортиқ тадбир ўтказилди. Партиянинг 2015-2020 йилларга мўллажалланган комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ «Аёллар инновацион ривожланиш тарафдори», «Замонавий аёл — бунёдкор, етакчи», «Туризмни ривожлантириш» каби қатор партиявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳам  режалаштирилган.

 

Ижтимоий ҳимоя бирламчи

Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан партия электорати ва тарафдорлари бґлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат ҳамда жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтириш мақсадида тизимли тардбирлар ўтказилмоқда. Партиянинг «Фаол аёллар» қаноти бу борада қатор ташаббусларни илгари суряпти.

Ана шу мақсад йўлида «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда ЎзХДП «Фаол аёллар» қанотининг депутат аёллар билан ўзаро ҳамкорлиги», «Жамиятни янада демократлаштиришда хотин-қизларнинг фаол ишитирокини таъминлаш», «Аёл – жамият таянчи», «Мустақил юртнинг фаол аёллари: ижтимоий-ҳуқуқий асослар», «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллат келажагини аниқлайди» ва бошқа мавзуларда тизимли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. 2015 йилнинг апрелидан бошлаб ЎзХДПга аъзо аёлларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонунлар лойиҳалари муҳокамасида кенг иштирокини таъминлаш, шунингдек, уларнинг амалдаги қонунчиликдан хабардорлигини ошириш мақсадида «Қонунлар тарғиботи ойлиги» лойиҳаси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда иқтисодий фаолликнинг бошқа шаклларини рағбатлантириш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва коллеж битирувчи қизларига йўналтирилган қатор ижтимоий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, «Мустаҳкам оила – жамият таянчи», «Аёллар бандлиги – фаровон ҳаёт асоси», «Ижтимоий ҳимоядан – ижтимоий фаоллик сари» каби лойиҳаларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Партия шунингдек, хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш соҳасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси  билан ҳамкорликда “Соғлом бола соғлом оилада туғилади” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

Улар жамиятнинг тўлақонли аъзоси

 

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий билими, сиёсий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларнинг фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаётир. Шу мақсадда  партия «Юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг янги босқичи», «Жамият ривожи ва сиёсий партиялар фаолиятида аёлларнинг роли ва ўрни», «Аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли – ҳуқуқий кафолатлар ва уларнинг амалда қўлланилиши», «Конституция ва амалдаги қонунчиликда хотин-қизлар манфаатлариниг кафолатлари», «Давлат ва жамиятни бошқаришда аёллар иштироки ва гендер масалалари», «Ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришдаги муҳим масалалар» каби мавзуларда тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Шунингдек, партия ҳар йили депутатликка ёки партия раҳбар ходимлигига номзодлар бўйича аёл кадрлар захирасини тайёрлаш учун республика миқёсида кўрик-танловлар ва ўқув семинарлар ташкил этади. Жумладан, уч босқич (туман (шаҳар), вилоят ва республика)да ўтказиладиган «Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони», «Етакчи бўлиш осонми?», «Ташаббус ва фаоллик – етакчилик гарови», «Балли қизлар!» каби кўрик-танловлар иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда улар орасидан кадрлар захирасини шакллантириш мақсадига йўналтирилган.

Масалан, «Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони» кўрик-танловида ҳар йили 20 минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашади, улар орасидан минглаб иқтидорли хотин-қизлар аниқланади. Республикамизнинг барча ҳудудларида «Мустақиллик – олий бахт», «Фаол аёллар – жамият таянчи» ва бошқа мавзуларга бағишланган форумларнинг ўтказилиши аёллар сиёсий-ҳуқуқий билимларининг мустаҳкамланиши, партия сафини етакчилик ва ташаббускорлик қобилиятига эга аёллар билан кенгайтиришда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Асосий мақсадимиз – ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП Низоми ва Дастурига мувофиқ, партия Аёллар қанотининг 2014-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури қабул қилинган. Ушбу дастур асосида 2015 йилда 5 минг нафардан ортиқ иштирокчини қамраб олувчи 80 та тадбир ўтказилди. «Хотин-қизлар сиёсий фаоллигини ошириш – фаровон ҳаёт асоси» мавзусидаги илмий-амалий конференция, «Маҳалла фаровонлигини таъминлашда хотин-қизлар иштирокидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш», «Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда ижтимоий-сиёсий қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти», «Давлат қурилишида хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва иштирокини кенгайтириш фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омили», «Репродуктив саломатликни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мукаммаллаштириш – соғлом жамият кафолати» каби мавзулардаги семинарлар ана шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан 3 босқичдан иборат «Партиянинг оқила аёли» кўрик-танлови мунтазам ўтказиб борилмоқда. Кўрик-танлов асосида фаол, ташаббускор, жамият ва оилада ўрнак бўла оладиган хотин-қизлар аниқланади ва рағбатлантирилади. Аёллар қаноти ташкил этадиган тадбирлар одатда интерфаол шаклда «ақлий ҳужум»лар, кичик гуруҳларда ишлаш, слайдлар, тақдимотлардан фойдаланиш каби усулларни қўллаб ўтказилади. Аёллар қаноти  партиянинг ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда ҳам иштирок этади. Жумладан, марказ ва жойларда «Муқобил энергия манбалари – инновацион тараққиёт учун», «Болалар сколиози профилактикаси», «Болалар яссиоёқлиги профилактикаси» каби ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

Натижалар яхши, аммо...

 

Умуман олганда, ҳозирги кунда сиёсий партиялар томонидан хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида самарали фаолият олиб борилмоқда. Шунингдек, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш борасида ижобий натижаларга эришиляпти.

Шу билан бирга, партияларнинг Аёллар қанотлари фаолиятида қатор камчилик ва муаммолар мавжудлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Жумладан, партияларнинг бу тузилмалари томонидан ўтказиладиган тадбирларнинг аксарияти ахборот бериш ва маънавий-маърифий характерга эга. Улар «навбатчи» маърузачиларнинг чиқишлари шаклида олиб борилади. Тадбирни ўтказишда интерфаол усуллар ҳамда замонавий сиёсий технологиялардан деярли фойдаланилмайди. Натижада айрим ташаббуслар хотин-қизлар орасида партия тарафдорлари сонини кенгайтириш мақсадларига самарали хизмат қилмаяпти. Аёллар қанотларининг бошланғич партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорлиги қониқарли даражада эмас. Кўп ҳолларда бу ҳамкорлик партия гуруҳлари аъзоларининг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотларнинг биноларида тадбирлар ўтказиш билан чегараланиб қолмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Аёллар қанотлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича амалий қадамлар қўйиш мақсадга мувофиқ. Бу йўналишда партиялар аппаратларининг тегишли бўлимларида жамоатчилик кенгашлари, эксперт гуруҳлари ва Аёллар қанотлари фаолларини бирлаштиришнинг бошқа шаклларини ташкил этиш лозим, назаримизда. Шундагина партияларнинг мазкур тузилмалари ишини янада такомиллаштириш, улар илгари сураётган ташаббусларнинг таъсирчанлигини ошириш мумкин бўлади.

 

Саидбек ИСМОИЛОВ,

Дилором РОЗИҚОВА,

Фуқаролик жамияти шаклланишини

мониторинг қилиш мустақил институти

 мутахассислари

 

“Жамият” газетасининг 2016 йил 15 январдаги  №3 (483) сонида чоп этилган.