Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг партия дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларини илгари суришдаги фаолияти таҳлили
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партиялар гуруҳларининг самарали фаолият кўрсатиши сиёсий партиялар ўз дастурий мақсадларига эришишининг асосий омили ҳисобланади. 2014 йилда ўтказилган сайлов кампанияси даврида Ўзбекистонда фаолият юритаётган тўртта сиёсий партия ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда фаол иштирок этди. Сайловлар якунида сиёсий партиялар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари барча вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларида етарли ўринларга эга бўлди ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ўз партия гуруҳларини ташкил этиб, ўрнатилган тартибда Кенгашларнинг биринчи сессияларида рўйхатдан ўтказилди. Кўппартиявийлик асосида ўтган сайловларда 806 нафар депутат сайланган бўлса, бу кўрсаткич 2009 йилдаги сайловларда 827 нафарни ташкил этганди. Депутатлар сонининг камайиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 21 та депутатлик ўрнининг камайиши туфайли юзага келди.
2014 йил сайловлари натижасида партия депутатлари сонидаги ўзгаришларга қарамай, 2009 йил сайловларига нисбатан сиёсий партиялар маҳаллий даражада эгаллаган депутатлик ўринлари нисбатида катта ўзгариш кузатилмади. ЎзЛиДеП етакчиликни сақлаб қолган бўлса, кейинги кўпчилик ўринни ЎзХДП, «Миллий тикланиш» ДП ва «Адолат» социал-демократик партияси эгаллади.
Шу билан бирга, 2014 йил сайловлари натижасида халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида партиялар кучлар мувозанати 2009 йил сайловлари натижасига нисбатан ўзгарди.
Сиёсий партияларнинг ҳаммаси ҳам вилоятлар марказлари ҳисобланган халқ депутатлари шаҳар Кенгашларида партия гуруҳлари ташкил этиш учун етарли депутатлик ўринларига эга бўлолмади. Чунки, 2013 йилда «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартишларга асосан партия гуруҳлари тузуш учун улар камида беш нафар номзод депутат этиб сайланишига эришиши лозим эди.
Таҳлил натижаларига кўра, барча сийсий партиялар томонидан давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органларида ўз гуруҳларининг фаолиятини аниқ режа асосида такомиллаштириш бўйича бир қатор амалий қадамлар қўйилган.
Шундай қилиб, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг тегишли қарорлари асосида «Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзЛиДеП партия гуруҳларининг вазифалари» ва «Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ муаммолар ва уларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари кун тартибига киритиш бўйича Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бошланғич партия ташкилотларига партиявий кўрсатмалар»и тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатлар 2015 йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан ўз фаолиятининг устувор йўналишлари билан боғлиқ бир қатор амалий вазифаларни назарда тутади. Жумладан, 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари Дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиб, тўлиқ эркинликни таъминлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини стратегик ва иқтисодий асосланган даражагача қисқартириш, иқтисодий соҳаларда хусусий сектор ролини ошириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Қолаверса, ишлаб чиқариш, ташқи савдо ва инвестицион жараёнларда корпоратив бошқарувнинг илғор халқаро стандартларини жорий қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, илғор инфратузилма яратиш, ахборот‑коммуникация тизимлари, йўл‑транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантириш ҳамда фаровонлик, аҳолининг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатининг изчил ўсиши билан боғлиқ масалалар дастурий мақсадлар сирасидан ўрин олган.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан 2015-2019 йилларда партия дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Ушбу ҳужжатнинг асосий қисми Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларида партия гуруҳларининг аниқ манзилли вазифаларини аниқлаб беради.
ЎзХДП амалий ҳаракатлар Дастурида партия гуруҳларини ҳудудий сармоявий дастурларни барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳалар бўйича таклифлар билан тўлдириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш устидан назорат олиб бориш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш каби иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни ҳал қилишда фаол иштирок этиш вазифалари белгиланган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, уй-жой ва коммунал хизматлар сифатини ошириш, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш бўйича белгиланган тартиб устидан назорат олиб боришга устувор йўналиш сифатида алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП 2015 йил учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари партия гуруҳларининг Намунавий иш режасини ишлаб чиққан. Мазкур ҳужжат партия гуруҳларининг миллий бозорни халқаро стандартларга ва мўътадил сармоявий муҳитни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтиришга мос келмайдиган сифатсиз маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) кириб келишидан ҳамоялаш, шаҳар ва қишлоқ, республика маркази ва ҳудудларининг бир меъёрдаги ривожланиши, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда ҳудудий номутаносибликларни бартараф этиш, мамлакатнинг турли ҳудудларида одамларнинг яшаш шароитлари ва сифатини тенглаштиришни амалга ошириш чора-тадбирларини назарда тутади. Қолаверса, туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон маданий ёдгорликлари ва шаҳарларнинг тарихий қиёфаларини муҳофаза қилиш, бутун инсониятнинг меъроси бўлган тарихий объектлар, меъморий обидаларни асраб-авайлаш ва тиклаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, тарихий бадиий мактабларнинг анъаналарини сақлаб қолишни янада рағбатлантириш Дастурда муҳим вазифа сифатида ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан ҳам махсус дастур ишлаб чиқилган. Унда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари 2015 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш Дастури ижроси устидан назорат олиб бориши, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлигини сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ташаббуслар билан чиқиш каби вазифалар назарда тутилган.
Шунингдек, дастур тегишли ҳудудлардаги халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, таълим муассасаларида умумий овқатланишини ташкил этишда қонунга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш каби масалаларни ўз ичига олдади.
Бундан кўриниб турибдики, барча сиёсий партиялар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ўз гуруҳларини «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросида фаоллик кўрсатишга ундаган. Бу эса мамлакатимиздаги барча сиёсий партиялар ўз ғоя ва дастурлари турлича бўлса-да, электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда юртимизнинг тараққиёти, истиқболи учун умумий мақсадлари муштараклигидан далолат беради.
Улуғбек САЙДИЕВ,
Фуқаролик жамияти шаклланишини
мониторинг қилиш мустақил институти
етакчи мутахассиси,
Дилором РОЗИҚОВА,
Фуқаролик жамияти шаклланишини
мониторинг қилиш мустақил институти
катта мутахассиси
“Жамият” газетасининг 2015 йил 25 декабрдаги (479-480) 51-52- сонида чоп этилган.