Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
«Дахлдорлик ҳисси билан Ватан равнақи сари»
Пойтахтимизда шу шиор остида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари IV Миллий форуми ўз ишини бошлади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб вазифалари ечимида давлат органлари билан ҳамкорлик, муҳим ижтимоий дастурлар самарадорлигини таъминлаш юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар.
Бунга асос бор, албатта. 2012-2014 йилларда ўтказилган форум якунларига кўра, ННТ ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг 700 дан зиёд таклифлари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли дастурларида ўз аксини топди. Қолаверса, жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликни ўрнатувчи 600 дан ортиқ келишув ва меморандумлар имзоланди. Ўтказилган форумлар доирасида баркамол авлодни тарбиялаш, аёллар фаоллигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли кўмак кўрсатишга йўналтирилган 1200 дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига молиялаштириш учун тақдим этилди.
Рақамлар залворли. Уларнинг ҳар бири замирида ННТнинг жамият ҳаётидаги катта ташаббускор кучга айланиб бораётгани, унинг сафида ўзининг, атрофидагиларнинг тақдирига, ҳаётига бефарқ бўлмаган инсонларнинг жонли сайъ-ҳаракатлари намоён.
– Бугунги кунда мамлакатимизда 530 та ННТ айнан аёллар ва оилалар масалалари билан шуғулланади, – деди Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова. – Бу жуда ҳам катта куч. Ижтимоий ҳамкорлик асосида амалга оширилаётган лойиҳаларимизнинг самарадорлиги юқори. Аммо, қилиниши лозим бўлган ишларимиз ҳам талайгина. Айниқса, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидаги фаолиятимизни кучайтиришимиз, давлат органлари билан ўзаро алоқаларда ҳар бир аёлга, ҳар бир хонадонга кўприк вазифасини ўташимиз зарур. Боиси, Президентимиз томонидан 2016 йилнинг «Соғлом она ва бола» йили деб эълон қилиниши бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайдики, бу ўринда ННТ ва хотин-қизлар қўмиталари елкама-елка туриб хизмат қилиши лозим.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари жамиятда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Улар аҳолининг барча қатлами вакиллари салоҳиятини юзага чиқариш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш учун шароитлар яратмоқда. Ўз навбатида, тобора долзарб аҳамият касб этаётган ННТнинг молиявий мустаҳкамлигини таъминлаш, улар амалга ошираётган лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи манбаларни янада кенгайтириш, аниқроғи, уларнинг иқтисодий эркинлигини кучайтириш масаласи бу йилги форум кун тартибида атрофлича муҳокама этилди. Форум ташкилотчиларидан бири – Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайховнинг таъкидлашича, ННТ ўз фаолият кўлами билан жамият субъекти сифатида иш олиб борар экан, унинг ижтимоий масъулияти ҳам юксак бўлиши лозим. Боиси, улар жойларда ижтимоий тадбиркорликни амалга оширади. Давлатнинг ижтимоий буюртмаси орқали аҳолининг турли қатламларига ўз хизматларини кўрсатади. Миллий қонунчиликда бу жараён тўлалигича қамраб олинган. Асосийси, уларнинг жойлардаги фаолияти жонли, амалий лойиҳалар ва ишланмаларга бой бўлишидир.
Мамлакатимизда охирги уч йилда ННТнинг сони қарийб 1,5 мартага ошиб, бугунги кунда 8277 тани ташкил этаяпти. Улар баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий, тиббий ҳамда экологик маданиятини юксалтиришдаги комплекс масалаларни ҳал этишда давлат бошқаруви органларининг ишончли ҳамкорларига айланди. Форум давомида ана шу ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш ва янгидан-янги йўналишларни излаш масаласи гуруҳларга бўлинган ҳолда муҳокама этилди.
– Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллиги ошиб, улар қонун ҳужжатлари, мамлакатни ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашмоқда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётир, – деди Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси раиси Инқилоб Юсупова. – Биз ҳам, вилоятлардаги бўлинмаларимиз орқали ижтимоий соҳадаги давлат дастурлари ижросини таъминлаш масалаларида ҳам ташкилотчи, ҳам назоратчи сифатида фаол қатнашиб келяпмиз. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида Ногирон болалари бор оилаларни қўллаб-қувватлаш марказини ташкил этдик. Бундай марказлар республикамизнинг барча ҳудудларида иш олиб бориши режалаштирилган. Айниқса, Президентимиз томонидан янги йилга «Соғлом она ва бола йили» деб ном берилиши бизнинг масъулиятимизни икки ҳисса кучайтиради. Эндиликда бу борадаги фаолиятимизни ҳам янада такомиллаштириб, нафақат ижтимоий ҳимоя қилиш, балки психолог, педагог, травматолог каби мутахассисларнинг доимий маслаҳатлари ва кўрикларини ташкил этишга интиляпмиз.
IV Миллий форум давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда «Фуқаролик жамиятини барпо этиш, демократик ислоҳотларни амалга оширишда ёшларнинг иштирокини кенгайтириш борасида ННТнинг роли ва ўрни», «Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш», «Жойларда ижтимоий-гуманитар масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг кўнгилли ва хайрия фаолиятини ривожлантириш» каби долзарб масалалар атрофида фикр-мулоҳаза юритдилар. Янги қонунларга малакали мутахассислар томонидан шарҳ берилди. Амалдаги муаммолар ва уларнинг самарали ечими аниқ мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
— 2002 йилдан буён фаолият кўрсатаётган ташкилотимиз оилавий тадбиркорликка асосланган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги фуқароларга кўмаклашиб келаяпти, — деди Бухоро вилоятидаги «Тараққиёт» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Воҳид Ниёзов. — Улар учун ушбу йўналишда ўқув семинарлари ўтказамиз, маслаҳат хизматлари кўрсатамиз. Ушбу форум ННТ ўртасида фикр, тажриба алмашишда алоҳида ўрин тутади. Бугунги конференцияда давлат органлари билан алоқаларни йўлга қўйдик, маълумотларни асл манбадан олдик. Айниқса, «Ижтимоий шериклик тўғрисида», «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини экспертлар билан биргаликда кўриб чиққанимиз анча фойдали бўлди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалий рўёбида ННТ фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқдик.
Бугун форум доирасида фотокўргазма ва хайрия ярмаркалари бўлиб ўтади. Ҳудудлардаги энг фаол ташкилотларга фахрий ёрлиқлар топшириш режалаштирилган. Ҳудудий ташкилотлар фаолиятини комплекс қўллаб-қувватлаш, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантириш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ННТ ўртасида қатор меморандум ҳамда келишувлар имзоланади.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари IV Миллий форуми фуқаролик жамияти институтлари фаоллиги ортиб бораётгани, соҳа вакилларининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юксалаётганини яна бир бор кўрсатмоқда. Форум 12 декабрда ўз ишини якунлайди.
Мунисхон КАРИМОВА,
«Жамият» мухбири
Мақола “Жамият” газетасининг 11.12.2015 й. 47-сонида чоп этилган.