Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асослари
Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида бошланган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштириш, фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш борасида ислоҳотлар жараёни кечмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг асосий бўғини бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш билан биргаликда, моддий-техник шароитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган амалий тадбирлар натижасида, қадимий тарихга эга бўлган ушбу ноёб бошқарув тизими ҳар томонлама ривожланиб бормоқда.
Маҳалла институти бир неча асрлик қадимий тарихга эга бўлсада, унинг ҳуқуқий асослари яратилган ва жамият бошқарувида ўзига хос ваколатларга эга бўлган даври - мамлакатимизнинг мустақилликка эришган даври ҳисобланади.
Чунки, мустақил Ўзбекистоннинг бош қомуси – Конституциясига биринчи маротаба маҳалла институти ҳақида қоидалар киритилиб, унинг ваколат муддати белгилаб берилди.
Конституцияда белгилаб берилган ушбу қоидалар асосида 1993 йил 2 сентярбда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун билан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш тартиблари, ваколат доираси ҳамда фаолияти соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” сиёсий қурилиш дастурининг бош йўналишларидан бири давлатнинг бир қатор ваколатларини марказдан маҳаллий даражага яъни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, жамоат тузилмаларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказиб боришдан иборат бўлиб, кейинги йилларда бу соҳада сезиларли амалий тадбирлар олиб борилди.
Бу жараёнда бевосита фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига ҳам кўплаб ваколатлар ўтказиб борилди. Бу эса амалдаги Қонунни янада такомиллаштириш, фуқаролар йиғинларига берилган ваколатларни амалга ошириш механизмларини қонун билан тартибга солиш заруратини келтириб чиқарди. Шу боис “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун 1999 йил 14 апрелда янги таҳрирда қабул қилинди.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни сайлаш жараёни ҳам фуқаролар йиғини фаолиятини самарали ташкил этишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланиб, ушбу жараённи янада тартибли ўтказиш, унинг аниқ меъёрларини жорий қилиш мақсадида 2004 йил 29 апрелда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловининг асосий принциплари, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиб қоидалари ҳамда номзодларга қўйиладиган талаблар кўрсатиб ўтилди.
Ўтган давр мобайнида ҳам мамлакатимиз президенти томонидан фуқаролик жамияти институтлари хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш масаласига доимий кун тартибидаги долзарб масалалардан бири сифатида қаралиб, соҳа фаолиятидаги янги йўналиш ва муҳим вазифалар кўлами белгилаб берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма йиғилишида юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш кoнцeпцияси”да олтита асосий йўналиш орасида фуқaрoлик жaмияти институтлaрини ривoжлaнтиришга алоҳида урғу берилди.
Концепцияда фуқaрoлaрнинг ўзини ўзи бoшқaриш органлари фаолиятининг тaшкилий aсoслaрини янaдa тaкoмиллaштириш, унинг вaзифaлaри кўлaмини кeнгaйтириш, дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрув oргaнлaри билaн ўзaрo яқин мунoсaбaтлaрини тaъминлaш aлoҳидa дoлзaрб aҳaмият кaсб этаётганлиги қайд этилиб, бу вaзифaни ҳaл қилишдa учта асосий масала кўрсатиб берилди. Булар:
I. Аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш.
II. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик назорати соҳасидаги функцияларини янада кенгайтириш.
III. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хусусий тадбиркорлик, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантириш.
Концепцияси ижроси юзасидан 2013 йил 22 апрелда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда фуқаролар йиғинларига тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфатларига риоя этилиши ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилди.
Бундан ташқари, Қонунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хусусий тадбиркорлик, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантириш мақсадида ушбу соҳани ривожлантиришга кўмаклашувчи маслаҳат марказларини ташкил этиш мумкинлиги белгилаб берилди. Фуқаролар йиғини ушбу маслаҳат маркази фаолиятини йўлга қўйиш орқали ҳудудидаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган фуқаролар учун қисқа муддатли курслар ташкил этиши, шунингдек тадбиркорлик фаолияти субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва преференциялар ҳақида маълумот бериши, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ёшларнинг тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга жойлашишига, уларнинг ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, шунингдек ҳунармандларга бириктирилишига кўмаклашиши назарда тутилган.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Қонунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалари янада чуқурлаштирилиб, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқлаш, фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиши ҳақидаги нормалар киритилди.
Янги таҳрирдаги Қонуннинг яна бир эътиборли жиҳати - фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларини тузишнинг ягона амалиётини жорий қилинганлигидир. Чунки, илгари фуқаролар йиғинларида саккизтадан ўн бештагача комиссиялар фаолият юритаётган бўлиб, уларга услубий-методик ёрдам кўрсатиш ҳамда фаолиятини мувофиқлаштиришда бир қатор ноқулайликлар мавжуд эди.
Мазкур Қонуннинг 18-моддасида фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича 8 та комиссиялар тузилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, тегишли ҳудуддаги муаммоларнинг долзарблигига қараб, фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар ҳам тузилиши мумкин.
Ушбу комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш орқали маҳалланниг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги 274-сонли қарори билан юқоридаги комиссияларнинг намунавий Низомлари тасдиқлаб берилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан мазкур Қонун ижроси доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика ва ҳудудий Кенгашларнинг ташкил этилганлиги ҳам, жамият ҳаётида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бораётган маҳалла институтининг ривожланишида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Чунки, мазкур Кенгашлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини амалга оширилишига кўмаклашиш, улар фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Фуқаролар йиғини тизимидаги сайловларни янада самарали ташкил этиш ва муносиб номзодларни сайлашда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида” янги таҳрирда қабул қилинган Қонунга киритилган қўшимчалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, қонунда сайловчиларга энг муносиб номзодни танлаш имкониятини кафолатловчи муқобиллик принципи белгиланди.
Шу билан бирга, Қонунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) номзодига қўйиладиган талаблар янада кучайтирилди. Жумладан, номзоднинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансуб бўлиши, унинг фуқаролар йиғини ҳудудида камида беш йил яшаган, давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларидаги ёҳуд хўжалик ва тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги иш тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларига эга бўлиши каби қўшимча талаблар қўйилди.
Бундан ташқари, Қонун оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг хизматчилари номзоди кўрсатилмаслиги каби талаблар билан мустаҳкамланди. Бу эса юксак маънавиятли, бошқарувчанлик қобилиятига эга бўлган, фуқаролар йиғини ҳудудида яшаб унинг муаммолари ва аҳолининг дардларини ҳис этадиган, ўзини одамларнинг иссиқ-совуғига даҳлдор сезадиган виждонли фуқароларнинг раис этиб сайланишига имконият яратади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ҳам фуқаролар йиғини тизимида ўтказиладиган сайлов жараёнидаги иштирокининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилди.
Айни вақтда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўплаб ваколатларнинг берилиши, ўз навбатида ушбу соҳада фаолият олиб бораётган масъуллардан юксак билим ва касбий маҳорат талаб этдмоқда. Шу боис фуқаролар йиғинлари ходимларининг касбий ва бошқарув малакаларини янада ошириш, уларга тизимли методик ёрдамни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 10 откбярдаги 2050-сонли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида давлат таълим муассасаси шаклида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.
Бугунги кунда ўқув курсларида фуқаролар йиғинлари раислари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси, фуқаролар йиғинларининг масъул котиблари ва "Маҳалла посбони" жамоат тузилмаларининг раҳбарлари ишдан ажралган ҳолда бир ҳафта муддатда 36 академик соатга мўлжалланган ўқув машғулотларда иштирок этиш орқали ўз малакаларини ошириб келмоқдалар.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда қадимий ва ноёб бошқарув шакли бўлган маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантиришга, унинг ваколатларини янада кенгайтиришга ҳамда қонунчилик тизимида белгилаб берилган ваколатлардан янада самарали фойдаланишга кўмаклашиш борасида олиб борилаётган амалий таадбирлар натижасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Фирдавс Шамсиев
ФЖШМҚМИ катта мутахассиси