Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯСИ - ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ШАКЛЛАНИШИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ СИФАТИДА
Мамлакатимизда 1992 йилнинг 8 декабр куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – мустақил давлатимизнинг асосий қонуни сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, демократик ислоҳотлар ва янгиланишларга мустаҳкам ҳуқуқий замин сифатида хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг 24 йиллик мустақил тараққиёт йўлида эришган барча натижалар, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши, давлат бошқарувининг энг самарали механизмини жорий этилиши, фуқаролик жамияти асосларини вужудга келиши ва ривожланиши каби ютуқлар Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунларнинг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилди. Президентимиз эътироф этганларидек, «Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккурининг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир». Унинг барча моддаларида дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни мужассам этилган.
Асосий қонунимиздаги мантиқий тизимлаштирилган ҳуқуқий нормалар моҳиятан фуқаролик жамиятининг мазмуни ва асосий тамойилларини, жамоат бирлашмалари ва улар фаолиятининг кафолатларини, ҳақиқий демократик жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий асосларини ҳуқуқий тартибга солишга йўналтирилган.
Асосий қонунимизнинг 15-моддасида қайд этилишича, «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар». Албатта, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий шарти қонун устуворлиги экан, мамлакатимизда бу масалага давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда.
Фуқаролик жамиятининг мезонларидан бири бу фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги фаол иштирокидир. Конституцияда бу масалалар ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унинг 32-моддасига асосан «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йули билан амалга оширилади». Шуни хам алохида таъкидлаш лозимки 2014 йилда Асосий комусимизга киритилан қўшимча ва ўзгартиришлар, хусусан, давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини Конституциямизда мустахкамланиши, фукаролик жамияти институтлари ривожланиши ва такомилланиши йулида янги имкониятларни очиб бермокда.
Умуман олганда, Асосий қомусимизда фуқаролик жамиятининг барча мезонлари ўз аксини топган. Ундаги нормалар асосида ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари давлат ва жамият ҳаётида муҳим роль ўйнамоқда. Фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки, улар томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, таъминланиши борасида амалга оширилаётган самарали ишларига ҳам бевосита Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунлар ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Фуқаролик жамиятининг институционал таркибий қисмлари, уларнинг шакллари, ташкил этилиши ва фаолиятига оид устувор қоидалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг «Жамоат бирлашмалари» деб номланган XIII бобида ўз ифодасини топган. Ушбу бобдаги 56-моддага асосан: «Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади».
Конституция яратиб берган имкониятлар асосида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига кенг йўл очилди. Бугунги кунга келиб мамлакатимизда 8100 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Сўнгги уч йилда уларнинг сони 22% га ортган.
Фуқаролик жамиятининг муҳим институти ҳисобланган оммавий ахборот воситалари учун Конституцияда алоҳида боб (XV БОБ) ажратилган. Ундаги 67-моддага асосан, «оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди». Ўзбекистонда мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолияти, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Бундaй кeнг миқёсдaги ишлaр нaтижaсидa мамлакатимизда oммaвий axбoрoт вoситaлaрининг сoни ортиб бормоқда. Масалан, 2013 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 1326 та ОАВ рўйхатга олинган бўлса, 2015 йилга келиб Республикамизда 1395 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатаётганлигини кўришимиз мумкин. Улардан 987 та босма нашр (689 та газета, 283 та журнал, 15 та ахборотнома), 100 та электрон ОАВ (66 та телеканал, 34 та радиоканал), 4 та ахборот агентлиги, ҳамда 304 та янгиликлар веб-сайти рўйхатдан ўтган.
Фуқаролик жамиятининг яна бир муҳим институти бу маҳалладир. Конституциямизда маҳаллага оид муҳим қоидалар мавжуд. Ўзбекистонда «Маҳалла» халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланувчи, инсон муаммолари ва ҳаётий муҳим бўлган масалаларни ҳал этувчи табиий ва анъанавий шаклда вужудга келган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш институти ҳисобланади.
2015 йил 1 январь ҳолатига кўра республика ҳудудида 9787 маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аввал маҳаллий давлат органлари ваколатида бўлган 30 га яқин вазифаларни бажармоқда.
Ўзбекистонда тараққиётнинг муайян босқичларига ҳамоҳанг тарзда Конституциямизга муайян ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ислоҳотлар замирида ҳам жамият ҳаётини янада демократлаштириш асосий мақсад қилиб олинди. Хусусан, 2003, 2007, 2008, 2011 ва 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришлар мамлакатимизни янада демократлаштиришга ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Муҳтасар қилиб айтганда, мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш ҳамда «кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини амалга татбиқ этишда мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.
Ойдин Норова,
ФЖШМҚМИ катта мутахассиси