Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

ФОРУМ ҲАМКОРЛИККА ЧОРЛАЙДИ

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ҳудудларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг IV Миллий форуми ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирларда фуқаролик жамияти институтлари, Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат органлари ўртасида ижтимоий ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ННТнинг ролини янада ошириш масалалари атрофлича таҳлил қилинмоқда.

Хусусан, Андижон вилоятида ўтказилган форумда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги ва «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонунларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш ва уларни амалга оширишда ННТнинг фаоллигини ошириш, шунингдек, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш каби масалалар қизғин муҳокама қилинди. Шу билан бирга, жамоат ташкилотларининг ахборот-таҳлил фаолияти борасида ННТ фаолларининг касбий билим ва кўникмаларини оширишни ўз ичига олган семинар-тренинг ташкил этилди.

Айтиш ўринлики, бугунги кунга қадар вилоятдаги 50 та нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг лойиҳалари учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 613 миллион сўм миқдорида грант ажратилган.

— 2007 йилдан буён фаолият кўрсатаётган ташкилотимиз  ёшларнинг фан, таълим, маданият, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, тиббиёт каби кўплаб соҳаларда ўз иқтидори, салоҳиятини юзага чиқаришга ҳамда касбий маҳоратини оширишга  кўмаклашиб келаяпти, — дейди Андижон вилоятидаги «Ҳамроҳ» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Нигора Мадазимова. — Давлат гранти маблағлари асосида амалга оширилган «Дунё — ёшлар нигоҳида», «Битирувчи — ўз касбингни ўзинг танла!», «Энг яхши бизнес лойиҳа», «Энг яхши бизнес лойиҳа — Start Up» ҳамда «Тадбиркор қизларни қўллаб-қувватлаш марказини очиш» каби лойиҳаларимиз грант маблағларига сазовор бўлди. Бу мақсадларга эришишда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига қаратилаётган юксак эътибор, яратилаётган кенг имконият муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги форум ННТ ўртасида фикр, тажриба алмашишда алоҳида ўрин тутади. У биз, фуқаролик сектори вакилларига долзарб ижтимоий вазифаларни бажаришда давлат органлари билан ҳамкорлик самараларини ошириш масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.

Хоразмда ўтказилган форумда эса Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуциясига мувофиқ,  мамлакатимизда ижтимоий ҳаётни фаоллаштиришга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Иштирокчилар томонидан фуқароларга давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштироки, ННТ фаолиятининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоялангани қайд этилди. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун муҳим дастурил­амал бўлаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда вилоятда 517 та нодавлат нотижорат ташкилот фаолият юритмоқда. Улар демократик институтлар, спортни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, тарихий-маданий ва маърифий қадриятларни тиклаш, тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшаяпти.

— Ижтимоий шериклик муносабатларида иштирок этадиган давлат ва нодавлат ташкилотлари билан семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда, — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Хоразм вилоят ахборот-ресурс маркази раҳбари Рашида Машарипова. — Бундан кўзланган асосий мақсад қонуннинг амалий самарадорлигини оширишдир. Бугунги форумда иштирокчилар ижтимоий шериклик, кимлар ижтимоий шериклик муносабатларининг субъекти бўлиши мумкинлиги, ижтимоий шериклик субъектлари қандай ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги ва қайси соҳаларда амалга оширилиши каби масалалар хусусида атрофлича тушунчага эга бўлди.

Тадбирларда «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида», «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа қатламларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳалари ҳам муҳокама этилаяпти. Иштирокчилар мазкур қонунлар лойи­ҳаларини янада такомиллаштиришга оид фикр-мулоҳазалар билдирмоқда. 

 

Баҳринисо МАДУМАРОВА, «Жамият» газетаси мухбири

Мақола “Жамият” газетасининг 27.11.2015 й. 47-сонида чоп этилган