Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
“Мустақил ОАВ фаолиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш ва ахборот олишни таъминлаш” мавзусидаги семинар-тренинг якунлари бўйича
Жорий йилнинг 24-25 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва ахборот олишни таъминлашга йўналтирилган семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори кўмагида ўтказилди.
Семинар-тренингнинг мақсади ОАВнинг сифат ва самарадорлигини ривожланган жаҳон ОАВ мезонлари даражасига кўтариш йўли билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш масалаларини муҳокама қилиш, ОАВнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ҳамда ахборот олишни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилди.
Тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Марказий аппарати ҳамда ҳудудий бўлинмалари мутахассислари, ОАВ соҳасидаги халқаро ва миллий экспертлар, марказий ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида мамлакатимизда миллий ОАВ, хусусан матбуотнинг сифат ва самарадорлигини изчил оширишга, нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолиятини кенгайтиришга ҳамда бозор механизмларини ахборот соҳасига жорий қилишга, шу билан бирга, фуқароларнинг Конституцияда ўз ифодасини топган сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишни кафолатлашга қаратилган медиа соҳадаги қонунчилик базаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Маърузачилар томонидан таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси миллий медиа соҳани босқичма-босқич ислоҳ этиш, уни изчил равнақ топтириш истиқболларини белгилаб берди. Концепция доирасида қабул қилинган қонунлар оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назоратини ўрнатишда уларнинг таъсирчанлигини тобора кучайтиришда кенг имкониятлар яратмоқда.
Қонунчилик соҳасидаги бундай ислоҳотлар натижасида истиқлол йилларида ОАВ сони йилдан йилга ошиб бораётганлиги ҳақида айтиб ўтилди. Агар 1991 йилда 395 та оммавий ахборот воситалари фаолият юритган бўлса, 2015 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари сони қарийб 1422 тага етган, жумладан, 688 газета, 295 журналлар, 15 ахборот бюллетенлари, 4 ахборот агентликлари, 65 ТВ, 31 радио, 324 веб-сайтлар.
Буни 1991 йилги кўрсаткич билан таққослаганда, мамлакатимизда фаолият юритаётган ОАВ сони деярли 3,6 марта ошганлигини, 50 фоиздан зиёд босма оммавий ахборот воситаларининг муассислари нодавлат тузилмалари ташкил этади.
Шу билан бирга иштирокчилар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш борасидаги миллий меъёрий-ҳуқуқий база ҳамда ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий механизмлар билан танишдилар.
Шунингдек, тадбирда хорижий эксперт, «ВИКЕС» медиа коммуникация ва ривожлантириш Финляндия фонди катта маслаҳатчиси Ярмо Копонен ҳам иштирок этди. У ўз маърузаларида бозор шароитида ОАВ фаолиятининг иқтисодий асосларини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотни олишни тартибга солувчи хорижий, жумладан, Финляндия қонунчилиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Семинар-тренингнинг амалий қисми “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятида олиб борилди. Унда иштирокчилар томонидан таҳририят ижодий жамоасининг тезкор ахборотни олиш, уни қайта ишлаш ва ёритиш борасидаги тажрибаси, шунингдек, таҳририятнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича ўрганилди.
Тадбир якуни бўйича иштирокчилар соҳада мавжуд долзарб масалаларни ўзаро муҳокама қилиб, уларга ечим топишда ўз таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқдилар.
Институт Ахборот хизмати