Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИНГ САМАРАЛИ МЕХАНИЗМЛАРИ

Тошкентда “Давлатни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитида фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирокининг самарали механизмлари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад халқаро экспертлар ҳамжамиятини фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистоннинг стратегияси ҳамда сиёсий-ҳуқуқий тажрибаси билан таништириш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда уларнинг амалий иштирокини кўриб чиқиш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришни муҳокама этиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
Халқаро илмий-амалий конференцияда 2010 йил ноябрда Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосий қоидаларининг амалга оширилишини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ҳуқуқ муаммоларини ўрганиш маркази (Тошкент) томонидан Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази (АҚШ), Ф. Эберт номидаги жамғарма (Германия) ва БМТ Тараққиёт дастури кўмагида ташкил этилди.
Конференцияда АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Япония, Исроилдан хорижлик экспертлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари, республика ҳамда ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари, мамлакатимизнинг қатор илмий тадқиқот, таълим муассасалари мутахассислари ҳамда етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Фуқаролик жамияти институтлари, яъни фуқаролик жамияти асосини ташкил этадиган ва унинг мазмун-моҳиятини белгилаб берадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари, жамғармалар ва оммавий ахборот воситаларини ташкил қилиш, ривожлантириш, уларнинг роли ҳамда аҳамиятини ҳар томонлама ошириш мамлакатимизни демократлаштириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга оширишга доир олдимизга қўйилган мақсадга эришишда муҳим вазифа ҳисобланиши таъкидланди. Бугун улар демократик қадриятлар, одамларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда.
Ривожланган фуқаролик жамияти тузилмаси мамлакатимизда миллатлараро, динлараро тотувлик, барқарорликни таъминлаш, жамиятда манфаатлар мувозанатини сақлаш, давлат ва бошқарув тузилмалари фаолияти устидан жамоат назорати тизимининг самарали ишлашини қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши лозим. Фуқаролик жамияти институтлари мустақил оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда нафақат жамоатчилик фикрини ифода этиши, балки шакллантириши керак.
Тадбирда Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятида ошкораликни таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситаларининг иштирокини кучайтиришга оид комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ҳамда бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ахборотни эркин ва монесиз топиш, олиш, текшириш, етказиб бериш, тарқатиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари, шунингдек, ахборотдан умумий фойдаланиш, унинг очиқлиги ҳамда ишончлилиги принциплари таъминланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш чора-тадбирларининг мантиқий давоми бўлди. Мазкур дастурий ҳужжатда шахсий, жамоат ва давлат манфаатлари мувозанатини белгилаш, давлат ҳамда жамият ишларини бошқариш жараёнига фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш орқали давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга кўмаклашадиган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилган.
Жамиятнинг давлат билан мунтазам алоқаси самарадорлигини таъминлаш, одамлар манфаат ва қизиқишлари, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабатини аниқлашнинг муҳим элементларидан бўлган давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик ҳамда фуқаролар назорати институтини янада такомиллаштириш бу борада алоҳида аҳамиятга эгадир.
Халқаро форум кенг аудиторияга ривожланган демократик давлатлар тажрибасини яна бир бор ўрганиш ва уни миллий тажриба билан таққослаш имконини берди. Чунки бундай ўзаро ҳамкорлик механизми халқаро экспертлар билан фикр алмашиш, маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, хорижий мамлакатларнинг энг яхши ютуқларини ўрганиш ва қўллашга хизмат қилади.
Мамлакатимиз экспертлари ўз чиқишларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қирқдан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқаролик жамияти институтларининг атроф-муҳитни ҳимоя этиш, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби соҳаларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқлари кўзда тутилганини таъкидладилар. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва бошқа ташкилотлар томонидан катта амалий тажриба тўпланди.
Оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизми ҳисобланади. Айнан оммавий ахборот воситалари ҳокимият органларининг камчиликлари, бюрократизм кўринишлари, маъмурий ўзбошимчалик ва бошқа муаммоларни аниқлаш, бу ҳақда ахборот тўплаш, уни қайта ишлаш ҳамда тарқатиш орқали уларнинг фаолиятини назорат қилишда иштирок этиши лозим. Оммавий ахборот воситалари жамият аъзоларининг онги, кайфияти ва дунёқарашига ҳокимият органларига нисбатан кучлироқ таъсир кўрсатади.
Энг асосий мақсадимиз — ривожланган замонавий демократик давлатлар қаторидан мустаҳкам жой олиш, биринчи навбатда, матбуотнинг барқарор ривожланиши учун зарур иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ҳисобидан унинг амалда мустақиллигига эришиш йўлида оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эгадир. Шу сабабли бугун мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа қатор янги қонунларни тайёрлаш ва қабул қилишда фаол иштирок этмоқда.
Илмий-амалий конференция давомида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ННТларни жамоатчилик назоратига жалб этиш борасидаги фаолияти кўриб чиқилди. Бунда улар иштирокида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”, “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг амалга оширилиши бўйича жамоатчилик эшитувларини ўтказиш кўзда тутилган.
Тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг ННТлар ва фуқароларнинг экологик қонунчиликни такомиллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича назоратни амалга ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдаги фаоллигини ошириш борасидаги роли ортиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция иштирокчиларига касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштироки тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Уларнинг жамоатчилик бирлашмаси сифатидаги ноёблиги шундаки, касаба уюшмалари ташкилотлари ижтимоий меҳнат муносабатларининг барча босқичларида — ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш, қонунбузарлик ҳолатлари профилактикаси, шунингдек, ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда — ушбу жараённи ҳуқуқий тартибга солишда иштирок этади.
Қисқача айтганда, фуқаролик жамияти институтлари бугунги кунда демократик қадриятлар, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятини бермоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини сақлашга кўмаклашмоқда.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан жамоатчилик, фуқаролик институтлари назоратини амалга ошириш бўйича самарали ва тизимли ҳуқуқий механизмни яратиш масаласи “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун доирасида ҳал этилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу қонун фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизни модернизациялаш ва демократлаштириш жараёнидаги роли ва аҳамиятини кучайтиришга кўмаклашади.
Шуни таъкидлаш муҳимки, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш доирасида фуқаролик жамиятининг турли институтларини қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнига кенг кўламда ва фаол жалб этиш таъминланди, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилинди ва қайта кўриб чиқилди, миллий ва халқаро тажриба чуқур ўрганилди, шунингдек, қонун лойиҳаси жамоатчилик ўртасида, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида конференциялар ва давра суҳбатлари ўтказиш орқали кенг муҳокама қилинди. Бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар давомида иштирокчилар “учинчи сектор”ни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан қатор таклифларни билдирдилар ва ушбу таклифлар кейинчалик атрофлича ўрганилди, уларнинг айримлари қонун лойиҳаси асосига киритилди.
Халқаро илмий-амалий конференция жараёнида хорижлик экспертлар ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар тўғрисида сўзлаб бердилар. Ривожланган демократик давлатларда жамоатчилик назоратининг турли шаклларини амалга ошириш бўйича тўпланган тажриба билан анжуман иштирокчиларини таништирдилар.
Экспертлар Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни ушбу соҳада бошқа мамлакатлар учун модель қонун бўлиб хизмат қилади, деган якдил фикрни билдирдилар. Чунки ҳозирги пайтда халқаро амалиётда жамоатчилик назорати тўғрисида алоҳида ҳадли кодификация қилинган қонун ҳужжати, шунингдек, “жамоатчилик назорати”нинг умумқабул қилинган юридик таърифи мавжуд эмас.
Жамоатчилик назоратининг муайян жиҳатлари, одатда, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини назарда тутадиган, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатлари орқали тартибга солинади; давлат ўз фаолияти очиқлигини аҳолини хабардор қилиш ва улар билан мунтазам мулоқот ўрнатиш, шунингдек, жамоатчилик эшитувларини, маслаҳатлашувларни, жамоатчилик экспертизасини, жамоат кенгашлари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокидаги бошқа маслаҳат органларини ташкил этиш орқали таъминлайди.
— Ўзбекистонга биринчи бор келишим, лекин шунга қарамай, бу ерда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар менда катта таассурот қолдирди, — дейди Корпоратив фуқаролик маркази илмий ходими Александра Хертель (Германия). — Ўзбекистонда жамоатчилик назорати тўғрисида ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси кўплаб фуқаролик жамияти вакилларининг қизиқишини уйғотмоқда. Қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишлар фуқаролик жамиятининг турли субъектлари, шу жумладан, нодавлат ташкилотларни жалб этган ҳолда амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Бу яна бир бор Ўзбекистонда жамоатчилик назорати аллақачон амалга оширила бошлаганини тасдиқлайди. Шу билан бирга, ушбу жараён келажакда янада ривожланади. Зеро, мазкур қонун лойиҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширишда ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
“Savethechildren” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сон Чон Бей Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси ғоят қизиқарли эканлигини таъкидлади. Зеро, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда нафақат Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятлари, балки хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳам эътиборга олинган. Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши фуқаролик жамиятининг янада ривожланиши ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишга, муайян соҳаларда фуқаролар манфаатларининг янада тўлароқ ҳимояланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни лойиҳасига кўра, “жамоатчилик назорати” атамаси жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг Конституция қоидалари, қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини тартибга солувчи халқаро меъёрлар ва принципларни сўзсиз ижро этишига доир маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва умумлаштиришга доир фаолиятини ифодалайди.
Бунда жамоатчилик назоратини амалга ошириш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш устуворлиги, ихтиёрийлик, қонунийлик, самарадорлик, жамоатчилик назоратининг ошкоралиги, давлат органлари ва мансабдор шахслар билан ўзаро муносабатларда маънавий-ахлоқий қоида ва меъёрларга қатъий риоя этиш каби тамойилларга амал қилиш асосида таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқларига доир қонунчилик меъёрлари бажарилишининг ҳолати устидан мунтазам жамоатчилик мониторингини, жамоатчилик социологик тадқиқотлари ва жамоатчилик эшитувларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муайян масалалар бўйича фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини амалиётга жорий этиш, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасида, шахс ҳуқуқлари ва манфаатларига тааллуқли қарорларни қабул қилишда иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган.
— Қонун лойиҳасини яратиш жараёнида қонун ижодкорлари томонидан катта иш амалга оширилган, — дейди Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази директори (АҚШ), юридик фанлар доктори Натали Боржелли. — Ташкилотимиз ўзбекистонлик ҳамкорлар томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун, шунингдек, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқишда иштирок этиш учун таклиф қилинганидан фахрланамиз.
Шуни таъкидлаш керакки, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг халқаро жамоатчилик, мамлакатимиздаги республика ва ҳудудий ННТлар, илмий тадқиқот ва таълим муассасалари, ОАВ иштирокида муҳокама этилишининг ўзи жамоатчилик назоратининг амалдаги ёрқин ифодасидир.
ЎзА 20.09.2012