Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Ўқув семинарлар самарали ўтди
Маълумки, мамлакатимизда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларининг малака ва тажрибасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича 2012 йил Дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган ўқув-семинарлар ўз якунига етди.
Юртимизнинг 150 дан ортиқ туман ва шаҳарларида ташкил этилган мазкур тадбирларда маҳалла фуқаролар йиғинларидан жами 36 мингга яқин котиблар, диний ва маънавий-маърифий тарбия маслаҳатчилари ҳамда «маҳалла посбони» жамоат тузилмаси раҳбарлари иштирок этди.
Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, малакали экспертлар, ҳудудий давлат бошқарув органлари мутахассислари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан олиб борилган ўқув семинарларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бошқарув тузилмаси, фаолият йўналишлари ва уни режалаштириш қоидалари, улар зиммасидаги маъсулият каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Семинар иштирокчилари, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда маҳаллани манзилли ижтимоий ёрдам марказига айлантириш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, жойларда жамоатчилик назоратини ташкиллаштириш, бошқарув органлари ва комиссиялар фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-хуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти борасида ҳам батафсил маълумотга эга бўлишди.
Маълумки, ҳозирда ижтимоий шериклик давлат билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги, замонавий шаклларидан бири сифатида тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Ўқув-семинарларида бу хусусида сўз юритилар экан, хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш таклифи мазмун-моҳияти, унинг механизмини амалга оширишга қаратилган долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, мутасадди идоралар томонидан жойларда ўқув семинарларининг ҳар томонлама самарали ўтишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ҳудудлардаги 351 та маъруза заллари энг юқори замонавий аудио ва техник воситалар билан жиҳозланиб, ўқув семинар машғулотлари олиб бориш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган методик ва таҳлилий маълумотлар маҳалла идоралари ходимларининг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини ва касбий профессионаллик қобилиятларини оширишда алоҳида аҳамият касб этди
Семинар иштирокчилари томонидан давлат бошқарув органларининг манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш йўналишларида жамоатчилик назоратини кучайтиришда бундай тадбирлар ўрни муҳим экани таъкидланди.
Умуман олганда, мазкур ўқув семинарлар фуқаролик жамияти институтлари тизимида маҳалланинг ўрнини янада мустаҳкамлашга, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда унинг фаол иштирокини таъминлашга муносиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Хуршид FИЁСОВ,
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти етакчи мутахассиси
05.06.2012 й. № 23