Фотогалерея
Наши публикации
Национальные партнёры
Международные партнёры
Интернет опрос посетителей сайта
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Респбуликаси Қонуни кучга кирди
2014 йилнинг 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун имзоланди. Қонун матни марказий газеталарда эълон қилинган.
Мазкур қонун фуқароларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, улар фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонунда асосий вазифалар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принципларининг белгиланиб қўйилиши, шунингдек, ахборотдан фойдаланувчи сўровига биноан эълон қилиниши ва тақдим этилиши мумкин бўлган ахборот рўйхатининг алоҳида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот” моддаси билан тасдиқланиши, ўз навбатида, мазкур соҳадаги ахборот ҳавфсизлигини таъминлайди.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари алоҳида кўрсатилган бўлиб, жумладан, уларнинг мурожаати асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ишончли ахборотни олиш ва тарқатиш ҳуқуқлари белгиланган. Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ таърифланган.
Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини ОАВда ёритишга масъул ахборот хизматининг мажбуриятлари кўрсатилган бўлиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтида уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб бориш вазифалари ҳам юкланган.
Қонуннинг 17-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида аккредитациядан ўтган ОАВ вакилларининг ҳуқуқлари белгиланган. Жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиниши, бўлиб ўтадиган очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш, аккредитация қилувчи органнинг биноларига (хоналарига) ва бошқа объектларига аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда кириш каби ҳуқуқлари кўрсатилган.
Шу билан бирга, Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланган.
Эслатиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус Фармойишига асосан 2013 йил март-декабрь ойларида мазкур қонун лойиҳаси нормалари Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари базасида ҳуқуқий синовдан ўтказилган.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси доирасида қабул қилинган навбатдаги қонундир. Бундан аввал “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунларнинг янги таҳрири, ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди.
Институт Ахборот хизмати