От сильного государства к сильному гражданскому обществу

Фотогалерея

Национальные партнёры

Международные партнёры

Ёшлар орасида мутаассибликни келтириб чиқарувчи ижтимоий омилларга қарши кураш – бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида

    Бугунги кунда диний ақидапарастлик, мутассибликнинг илдиз отиши ва жамият тараққиётига зид жаҳолат ғояларининг пайдо бўлишига қарши илмий асосда кураш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис, диншунос ва исломшунос мутахассислар олдидаги муҳим вазифа “ХХI аср вабоси” дея баҳоланаётган диний экстремизмнинг пайдо бўлиши, экстремистик ташкилотлар, уларнинг фаолияти, хавфи ва унинг олдини олиш чора тадбирларини чуқур ўрганиш ҳисобланади. Зотан, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Ҳозирги кунда диний экстремизм мафкурасига, қўпорувчилик-террорчиликка қарши курашдаги асосий вазифа - аҳоли ўртасида, айниқса, ёшлар билан олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий ишларни изчил, чуқур ўйланган тизим асосида ташкил этиш ва уларнинг таъсирчанлигини кескин кучайтиришни бугун бошимиздан кечираётган ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда”.

    Инсоният хавфсизлигига дахл қиладиган жиноий ҳаракатлар ичида диний экстремизм ва терроризм ўзининг салбий  таъсирига кўра тинчликни бузувчи энг оғир ҳаракатларга киради. Айниқса, глобаллашув  жараёнлари жадал  ривожланаётган даврда бу каби иллатлар дунёда яшайдиган барча халқларга қатор мусибатлар олиб келди. Бугунги дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар, айрим мамлакатларда авж олган ирқчилик, миллатчилик, диний экстремизм кўринишдаги жиноятларнинг бутун инсониятни хавотирга соладиган жиҳати шундаки, дастлабки босқичда уларни оммавий тарзда англаб етиш мураккаблашиб, вақт ўтиши билан таъсир кучи кенгайиб, оммавий тус олиб, таҳдид даражасига кўтарилмоқда.

    Диний экстремистик ташкилотларнинг асосий фаолият услублари: экстремистик руҳдаги адабиёт, электрон диск ва мобил телефон хотира карталарида видео ва аудио материалларини тарқатиш, хуфия гуруҳ (жамоат, халқа)лар тузиш яширин диний «ҳужралар»нинг фаолиятини йўлга қўйиш республикадаги ижтимоий-сиёсий вазиятни кескин қоралаш,  давлат ва диний идора вакилларини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш террорчилик ҳаракатлари ўтказишдан иборат.

    Бугунги глобаллашув жараёнларида турли ғоялар кураши, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар тобора авж олаётгани ҳам сир эмас. Бундай шароитда айрим ёшлар воқеа-ҳодисалар уммонида адашмоқдалар, уларни баҳолашда ақлга эмас, фақат ҳиссиётга суяниш оқибатида нотўғри хулоса чиқармоқдалар. Баъзи кишилар террорчилик йўлига кириб қолишларини моддий қийинчилик, оиладаги етишмовчилик, ишсизлик, кам таъминланганлик, аламзадалик, сиёсатдан норизолик каби қатор ижтимоий ҳолатлар билан боғлашга интиладилар. Аслида эса экстремистлар инсонларнинг маънавий-руҳий оламига хос хусусиятларидан усталик билан фойдаланаётганларини кўриш мумкин.

    Бинобарин, маънавий қадриятларимизга таҳдид солаётган ушбу муаммоларни ҳал этишда, энг аввало, ўсиб келаётган ёш авлодда бундай тажовузларга қарши иммунитетни шакллантириш, баркамол шахсни тарбиялашнинг маънавий-маърифий йўллари ҳамда усулларини такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш муҳим омил саналади. Шунинг билан бирга, мамлакатимизда ахборот хавфсизлиги ва информацион хуружлардан сақлаш масалаларининг қонуний асосда мустаҳкамлаб қўйилгани ҳам мазкур тадқиқ этиладиган муаммонинг долзарб эканидан далолат беради. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 14–15-моддаларида давлат ва жамиятни ахборот хавфсизлиги ва информацион хуружлардан ҳимоя қилиш қуйидаги йўллар билан таъминланиши белгиланган: жамиятнинг маънавий, маданий ва тарихий бойликларини, мамлакатнинг илмий ва илмий-техникавий салоҳиятини асраш ҳамда ривожлантириш; миллий ўзликни англашни издан чиқаришга, жамиятни тарихий ва миллий анъаналар ҳамда урф-одатлардан узоқлаштиришга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни бузишга қаратилган ахборот экспансиясига қарши ҳаракат тизимини барпо этиш; Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлигини, суверенитетини бузишга, ҳокимиятни босиб олишга ёки қонуний равишда сайлаб қўйилган ёхуд тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ва давлат тузумига қарши бошқача тажовуз қилишга очиқдан-очиқ даъват этишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишидан ҳимоя қилиш; урушни ва зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилишни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоват уйғотишга қаратилган терроризм ва диний экстремизм ғояларини ёйишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш. Шунингдек, “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ёшлар орасида носоғлом ахборотларни тарғиб қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар тақиқланади.

    Зеро, глобаллашув жараёнида ахборотларни тезкорлик билан тўплаш, тарқатиш ва истеъмол қилишда кўплаб ижобий томонлар билан бирга ғаразли кучларнинг ғоявий кураш йўлида амалга ошираётган ахборот хуружлари ҳам кузатилмоқда. Масалан, биргина ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган тартибсизликларнинг салбий оқибатларини 2011 йилнинг бошларида бир қатор араб давлатларида юз берган “твиттер инқилоби” воқеаларида кўриш мумкин. Хусусан, ташқи кучлар томонидан Facebook, Twitter ижтимоий тармоқлари ва прокси-IP хизматидан фойдаланган ҳолда Тунис, Миср, Ливия, Баҳрайн, Эрон, Суриядаги тартибсизликлар назорат этиб турилган. Ижтимоий тармоқларнинг жамият учун хавфли томонларини англаб етган қатор мамлакатлар салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, амалга татбиқ этиб келмоқда. Бироқ, шунга қарамасдан, бузғунчи кучлар мамлакат ҳудудида Интернет ва бошқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаб қўйилган ҳолатда ҳам ўзаро алоқани таъминлашнинг янги усул ва воситаларини ишлаб чиқишмоқда.

    Ёшларнинг турли оқимларга кириб қолишларининг яна бир сабаби уларнинг диний илмларни эгаллашга бўлган қизиқишлари ва интилишлари ҳамда ишонувчанликларидир. Экстремистлар буни яхши билган холда, ёшларга гўёки соф исломни ўргатамиз деб, ўзларининг сохта, бузғунчи мақсадга йўналтирилган ғояларини тиқиштирмоқдалар.

    Шу билан бирга, диншунос, исломшунос ва психолог мутахассислар томонидан ёшларни диний экстремистик оқим найрангларига алданиб қолишларига қуйидаги омиллар сабаб бўлаётганлиги таъкидланади:

-     Максимализм балоси. Экстремистлар баъзи ёшларни бирданига ҳамма нарса бойлик, шон-шуҳрат, мартабага осонгина эга бўлишга, қаҳрамон сифатида танилишга, гўёки шарафли ишни бажараётганликларига ишонтиришлари;

- Экстремистлар ўзларига аъзо бўлганларга индивидуал тарзда ёндашишлари ва уларнинг бошқа нарса билан чалғиб қолишларига умуман имкон бермасликлари;

- Экстремистлар ўз ғояларини тарғиб этишда, эътибордан четда юрган, ҳаётда кўп нарсага эришмаган, ўз иқтидорини юзага чиқаришга интилмаган, ўзини гўёки камситилган деб ҳисобловчи кишиларни ўзларига жалб қилишлари;

- Диний кўринган, аслида оқим ғояларини акс эттирувчи брашура ва китобларни турли йўллар билан бепул тарқатиб, мустақил фикри умуман шаклланмаган, бефарқ ва лоқайд кишиларни йўлдан уришга ҳаракат қилишлари;

- Аёллардаги тез ҳиссиётга берилувчанлик, таъсирчанлик, ишонувчанлик, раҳмдиллик, қизиқувчанлик каби туйғулардан ўзларига жалб қилиш йўлида фойдаланишлари;

- Руҳан эзилган, яқин кишисидан ажралиб қолган, ҳаёт зарбасига учраган, бедаво дардга чалинган аёллар ёки ёшларни ақлан ва жисмонан кучсизликларидан фойдаланиб, уларга жисмоний зулм ўтказиш, калтаклаш ёки наркотик моддаларига қарам қилиб ўз мақсадлари йўлида қўғирчоққа айлантиришлари;

- Экстремистлар ўзларини “беғараз ёрдам”, “ғамхўрлик” кўрсатувчи кишилар сифатида кўрсатишга ҳаракат қилиб, бунинг учун эҳтиёжманд оилаларни, турли касалхоналарни, меҳрибонлик уйларини топиб, “хайрия тадбирлари”ни ўтказиб уларнинг ишончига киришга ҳаракат қилишлари.

    Инсон ривожланишига таҳдид солиб турадиган терроризм ва экстремизмнинг хусусиятларидан бири унинг иштирокчилари Ватан туйғуси, ватанпарвалик, миллий ғурур каби тушунчалардан узоқда бўладилар. Улар учун қариндош-уруғчилик удумлари, оила қадриятлари ва миллат анъаналари ёт бегонадир. Шунинг учун нафақат бегоналарни, балки ўз оиласини ҳам писанд қилмайдилар, вазият тақозо этса оила аъзоларини ҳам ўз ғайриинсоний мақсадларга эришиш йўлида қурбон қиладилар. Бир сўз билан айтганда, зомбилашган манқуртга айланган, одам  қиёфасида бўлган, аммо фақат хайвоний хирслари мавжуд бўлган мафкуравий носоғлом террорист ва экстремистлар халқ тинчлигига, ёшлар мафкурасига хавф туғдирувчи катта кучга айланадилар. Шундай экан, барчамизнинг олдимизда  асосий вазифа – оммага, айниқса ёшларга дунёда содир бўлаётган  нохуш  воқеаларнинг  асл сабабларини тўғри тахлил  қилиб тушунтириб бериш, диний экстремизм ва халқаро миқёсида авж олган терроризмга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришдан иборатдир.

    Дин ҳақидаги мантиқий асосланган билимларни шакллантириш, ёшларда динга нисбатан соғлом муносабатни ҳосил қилиш, уларни турли экстремистик гуруҳларга аъзо бўлишларини олдини олиш, умуман ёшлар орасида мутаассибликни келтириб чиқарувчи ижтимоий омилларга қарши кураш – бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади.

Саидқодиров Саиджасур,

 ФЖШМҚМИ етакчи мутахассиси