Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ёшлар нодавлат ташкилотларининг ўрни

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашга ҳамда уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон ва юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Шу ўринда Институтнинг “Демократик ислоҳотларни амалга ошириш, фуқаролик жамиятини барпо этишда ёшларнинг роли ва ўрни” лойиҳаси томонидан ёшлар йўналишида фаолият юритувчи давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан кўплаб тадқиқотлар олиб борилиб, улар асосида таҳлилий ҳужжатлар тайёрланмоқда, зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, 2015 йил мобайнида Лойиҳа томонидан ёшларнинг фуқаролик жамияти шаклланишидаги ролини кучайтиришга ва ёшлар билан ишлайдиган давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш соҳасида 30 дан ортиқ тадбирлар ташкил қилинди.

Айни пайтда Лойиҳа ходимлари томонидан Институтнинг “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланиши” номли йиллик доклади учун “Ёшлар нодавлат ташкилотларининг фуқаролик жамиятини барпо этиш ва демократик ислоҳотларни амалга оширишдаги ўрни” мавзусида ахборот таҳлилий маълумот тайёрланди.

Мазкур ахборот таҳлилий маълумот 6 қисмдан иборат бўлиб: меъёрий-ҳуқуқий асос, миқдор ва сифат таркиби, молиявий барқарорлик, инфратузилма, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик эътирофи каби йўналишларни қамраб олган.

Истиқлол йилларида ёшларнинг ҳар томонлама етук, баркамол вояга етиши учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, 22 та қонун, Президентимизнинг 22 та Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори. 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Энг муҳим жиҳати ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда юртимизда ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини эркин рўёбга чиқаришдаги асосий субъектлар сифатида нафақат давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, балки нодавлат тузилмалари биргаликда фаолият олиб бориши белгилаб қўйилди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда мамлакатимизда ёшлар йўналишида фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтлари сони 16,8 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг 15,5 мингтаси “Камолот” ЁИҲнинг бошланғич ташкилотларидир, 641 таси нодавлат нотижорат ташкилотлари, 495 таси нодавлат таълим муассасалари, шунингдек, 133 таси босма ва 71 таси электрон оммавий ахборот воситаларини ташкил қилади.

Ёшлар масаласи билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар орасида энг йириги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бўлиб, ҳозирги кунда Ҳаракат ўз атрофида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4 миллиондан ортиқ йигит-қизни бирлаштиради (ташкилот тизимида “Камалак” болалар ташкилотининг 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган 2 миллион нафарга яқин аъзоси бор). Ҳаракат бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ёшлар масаласи юзасидан ижтимоий шерикликни амалга оширади.

Ўтган йиллар давомида ёшлар масаласида фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтларининг молиявий барқарорлиги таъминланишига эришилди. Ҳусусан, 2015 йилда мамлакатимизда ёшлар масаласи билан шуғулланувчи 86 та нодавлат нотижорат ташкилоти Олий мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида ғолиб бўлишди. Натижада, улар томонидан илгари сурилган лойиҳалар жами 1.7 млрд сўмлик маблағлар билан молиялаштирилди.

Бундан ташқари, ёшлар масаласи билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳаракатлари давом эттирилди. Жумладан, 2015 йил давомида ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Камолот” ЁИҲ томонидан 1847 та меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, уларда 112 мингдан ортиқ ёшлар иш билан таъминланди, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Ҳаракат тавсиясига кўра 4,4 миллиард сўмлик лойиҳалар кредит билан таъминланди ва шу каби кўплаб мисолларни келтириб ўтиш мумкин.

Умуман олганда бу каби тадбирлар, амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ёшлар нодавлат ташкилотларининг ўрни кундан кун ошиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга юртимизда ёшларга яратилаётган улкан имкониятлар уларни доимо юксак марралар сари дадил қадам ташлашга, юрт равнақига дахлдорлик туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.