Fotosuratlar
Tadqiqotlarimiz
Milliy hamkorlarimiz
Xalqaro hamkorlarimiz
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари IV Миллий форумининг республика босқичи ўтказилишига доир

Жорий йилнинг 10-11 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари IV Миллий форумининг республика босқичи ўтказилди.
Форум ташкилотчилари - Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси (ЎзННТМА), Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент Комиссияси.
Шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, «Камолот» ЁИҲ, «Маҳалла» жамғармаси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд», «Тадбиркор аёл» Ассоциациялари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ва бошқа ташкилотлар тадбирларни ўтказишда ҳар томонлама ёрдам беришди.
Миллий форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ЎзННТМАга давлат субсидияси сифатида ажратилган маблағлар ҳисобидан ташкил этилди.
Жорий йилги Миллий форум республика ННТларининг етакчи ва лидерлари таклифларини инобатга олган ҳолда “Дахлдорлик ҳисси билан Ватан равнақи сари” шиори остида ўтказилди.
Форумдан кўзланган асосий мақсад – мамлакатни ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг муҳим вазифаларни ечишда фаоллигини ошириш, ҳудудларда давлат ва бошқарув органлари ҳамда ННТларнинг ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш, шунингдек ЎзННТМАнинг жамоат ташкилотлари салоҳиятини консолидация қилишдаги ролини кучайтиришдан иборат бўлди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, IV Миллий форумнинг республика босқичига қадар вилоятларда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат органларининг 2,5 дан ортиқ вакиллари иштирокидаги минтақавий босқичлари ўтказилди.
Миллий форумнинг минтақавий босқичлари доирасидаги давра йиғилишлари, учрашув ва муҳокамаларда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент Комиссияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, минтақавий ННТларнинг етакчи ва лидерлари, экспертлар, олимлар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ўртасида ўтказилган конструктив руҳдаги мунозараларда ижтимоий шерикликни жойларда кейинги ривожлантириш мақсадида 300 дан ортиқ таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилишига эришилди.
Форум кун таркибида қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:
- ННТларнинг жамиятдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги ролини ошириш;
- Келажак авлодни соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш;
- Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакат ҳаётининг барча соҳаларидаги иштирокини таъминлаш;
- Атроф-муҳит муҳофазаси ва табиат ресурсларидан рационал фойдаланиш соҳаларидаги дастур ва лойиҳаларини амалга оширишда ННТлар иштирокини кенгайтириш;
- Ҳудудларда ижтимоий-гуманитар масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг кўнгилли ва ҳайрия фаолиятини ривожлантириш.
Шунинг билан биргаликда, тадбирлар жараёнида яна бир муҳим жиҳат – ҳудудий жамоат ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича республика, тармоқ ва минтақавий дастурлар, жумладан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурларидаги иштироки натижаларини таҳлил этишга қаратилди.
Форум якунлари бўйича “Ижтимоий шериклик” Қонунининг амалга оширилиши доирасида давлат органлари ва ННТларнинг ижтимоий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган Комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Миллий форумнинг республика босқичи доирасидаги тадбирларда Ижтимоий лойиҳалар ярмаркасига алоҳида эътибор берилди. Ярмарка давомида ННТлар ўзларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўз таклифларни тадбиркорларга, бизнес-структураларга тақдим қилдилар.
Ушбу форматнинг самарадорлиги ва муваффақияти ҳақида олдинги ўтказилган форумлар эришган ютуқлар далолат беради. 2012-2014 йиллар давомида ўтказилган форумлар давомида 700 дан ортиқ таклифлар ННТлар, давлат ва ўз-ўзини бошқариш органлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар мамлакатни ривожлантириш бўйича турли ижтимой-иқтисодий дастурларда ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари ўртасида комплекс ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган 600 дан ортиқ келишув ва меморандумлар имзоланган. Шунинг билан биргаликда, ўтказилган тадбирлар Парламент ҳузуридаги Жамоат фондига ёшларни баркамол тарбиялаш, ислоҳотларни ўтказишда аёлларнинг фаоллигини ошириш, атроф-муҳит муҳофазаси, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган 1200 дан зиёд тадбирларни молиялаштириш учун лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тақдим этиш имконини берди. Форумларнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, муҳим ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларида ННТларнинг салоҳиятини консолидация қилишдаги ЎзННТМАнинг ролини оширишди, бунинг исботи сифатида ушбу муддат ичида Ассоцияция аъзоларининг сони 300 тадан 500га етганлиги орқали кўришимиз мумкин.
Институт Ахборот хизмати