Фотогалерея
Наши публикации
Национальные партнёры
Международные партнёры
Интернет опрос посетителей сайта
Сайлов-2016. Ахборот, таҳлил ва жамоатчилик фикри

Очиқлик ва ошкоралик сайлов жараёнининг асосий тамойиллари ҳисобланади. Зеро, ушбу принциплар Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган фуқароларнинг асосий сиёсий, шахсий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишини таъминлайди.
Булар, аввало, уларнинг ахборот олиш ҳуқуқи, жумладан, давлат ҳаётининг энг муҳим ижтимоий-сиёсий тадбири — ҳокимият вакиллик органларига сайловга оид маълумотлардан хабардор бўлиб бориш эркинлигига тааллуқлидир.
Халқнинг ўз хоҳиш-иродасини билдиришдек демократик институт давлат ва жамият бошқаруви ишларида иштирок этиш, сиёсий партияларга уюшиш, ўз фикрини эркин ифодалаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига таклифлар, шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳамда бошқа ҳуқуқлар билан узвий боғлиқдир. Бинобарин, демократик жиҳатдан янада ривожланишнинг сиёсий воситалари саналган ушбу ҳуқуқларни таъминламасдан туриб демократик сайловни ўтказиб бўлмайди.
Очиқлик ва ошкоралик тамойилларини амалга ошириш, энг аввало, оммавий ахборот воситалари орқали таъминланади.
ОАВ сайлов ташкилотчилари ва жамият ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини ўтар экан, бир томондан аҳолига барча бўғиндаги сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар фаолияти ҳақидаги ахборотни етказади, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотида қатнашади, иккинчи тарафдан эса жамоатчиликнинг бўлаётган жараёнларга муносабатини акс эттиради, ижтимоий фикрнинг барча жиҳатларини ўзида ифодалайди. Айнан очиқлик ва шаффофлик, ошкоралик шарофати билан ўртада ишончли мулоқот юзага келади. Бундай шароитда эса сайловчи ва номзод бир-бирини эшитади, тушунади.
Ўзбекистонда сайлов жараёнлари очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари шакллантирилган. 1994 йилда қабул қилинган “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда сайловни ўтказишнинг асосий мезонлари белгилаб қўйилган. Хусусан, унда бутун сайлов кампанияси кенг ошкоралик асосида тузилиши кўрсатиб ўтилган. Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Халқаро сайлов ҳуқуқида ҳам муҳим ҳисобланадиган ушбу норма ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қатор қонунчилик ҳужжатларида ўз инъикосини топгани аҳамиятлидир.
Ошкоралик демократиянинг ўзида ахборот олиш, сўз, матбуот ва виждон эркинлигини ифодалайдиган таркибий қисмидир. Бу давлат ва жамоатчилик ташкилотлари фаолиятидаги энг юқори даражадаги очиқлик ҳамда ҳаққонийликдир. Мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилган мазкур тамойил энг долзарб, жумладан, сайловни ўтказишга оид масалаларга демократик ечим топишда жамоатчилик фикрининг ҳаётий ва фаол иштирокини таъминлаб берди.
Сиёсатшуносларнинг фикрича, сайлов жараёнининг очиқлиги сайловчиларнинг фаол бўлишини таъминлаши баробарида, сайлов тизимини янада мустаҳкамламоқда. Зотан, у фуқароларнинг сайлов тизимига бўлган ишончини оширади. Сайлов эркин ва адолатли, деб ҳисобланиши учун сайлов жараёнидаги очиқлик фуқароларнинг ўз вакилларини сайлаш ҳуқуқи, ўз номзодини илгари суриш имконияти, фуқароларга сайлов ҳақида холис маълумот бериш, қандайдир чекловларсиз овоз бериш ҳуқуқи, сайлов участкаларида ҳозир бўлиш учун тенг шароитлар, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайловда қатнашиш учун сиёсий партияларга уюшиш ҳуқуқлари, сайловчиларнинг ўз сиёсий хоҳиш-иродасини билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмаслик, сиёсий партиялар ва номзодларга сайловолди кампаниясини олиб боришлари учун тенг шароитлар таъминланиши зарур.
Демак, очиқлик ва ошкоралик, бу — эркин ва адолатли сайлов жараёнини таъминлаш шароитидир. Давлат, электорат, сиёсий партиялар ва бутун жамиятнинг бош мақсади ҳам аслида шу.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича кампания қизғин паллага кираётган айни кунларда Марказий сайлов комиссияси қонунчиликка мувофиқ, журналистларни аккредитациядан ўтказмоқда. Ҳозиргача 500 дан зиёд миллий ва хорижий ОАВ вакиллари аккредитация қилинди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, округ сайлов комиссиялари қошида ҳам матбуот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Шу ўринда айтиш лозимки, 2015 йилги сайловда 400 га яқин маҳаллий ва хориж оммавий ахборот воситалари ходимлари сайлов жараёнининг ҳамма босқичини ёритиб борганди.
Маълумки, кўплаб мамлакатларда сайловолди ташвиқотида барча воситадан принципсизларча фойдаланилади. Оқибатда ушбу жараён кўпинча рекламага айланиб кетади. Ташвиқот жараёнларининг бундай ўзига хос “тижорийлашуви” сайловчиларни ўзига жалб этмайди, балки уларнинг оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончига путур етказади. Сайловолди ташвиқоти, шубҳасиз, қонунчиликда белгилаб қўйилган масъулият, ахборотнинг ишончлилиги, холислиги ва адолатлилиги асосига қурилиши шарт.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, юртимизда ОАВ сайлов кампанияси, энг муҳими, Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотининг асосий иштирокчиларидан бири ҳисобланади.
2014 ва 2015 йиллардаги мамлакатимиз учун ўта муҳим саналган ижтимоий-сиёсий тадбир — сайловларни ёритишда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари салоҳияти ёрқин намоён бўлди. Зеро, бу борадаги таҳлилларга кўра, ОАВ ходимларининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, воқеаларни ёритишда таҳририятларнинг ўз сиёсатини белгилаб олишдаги принципиаллиги ва мустақиллиги, аудиториянинг турли қатламларини қамраб олиш миқёси, жамоатчилик фикрига таъсир қилиш даражаси, сайловчиларнинг фаоллиги ошган. Албатта, бу республикамизда ОАВ эркин, мустақил ва самарали фаолият олиб бориши учун яратилган шароитлар натижасидир.
Давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларининг иштироки, улар томонидан қонунчиликка риоя этилиши сайлов ҳуқуқида қатъий белгилаб қўйилган. Чунончи, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш тарзида олиб борилиши ўз аксини топган. У оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-коммуникация тармоқлари (шу жумладан, интернет — жаҳон ахборот тармоғи) орқали амалга оширилади. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ҳажмига кўра, бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Нодавлат оммавий ахборот воситаларидан ҳам қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш эҳтимоллиги мавжуд.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда сайлов кампаниясида иштирок этувчи оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар ¤збекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши кераклиги аниқ кўрсатиб ўтилган.
Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, Президентликка номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган манбаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Бинобарин, ўтган сайловда Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловолди ташвиқоти доирасида ОАВдан фойдаланиш учун номзодларга кенг ва бир хил шароит тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилди. Уларга мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланиши масалалари бўйича ўз қарашлари ҳамда йўналишлари ифодаланган сайловолди дастурини сайловчилар ҳамда кенг жамоатчиликка етказишлари учун бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдони ажратилди.
МСКнинг махсус қарори билан сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ҳамда радиоканалларида 900 дақиқа эфир вақти берилди. Эфирнинг бундай катта ҳажмда эканлиги эса номзодларга кенг ташвиқот ишларини олиб бориш имкониятини яратди.
Сайловчилар билан жойлардаги учрашувлар, сайлов штаблари фаолиятидан репортажлар, ташвиқот видеороликлари, номзодларнинг тўғридан-тўғри мурожаатлари ҳамда интервьюлар ва бошқа материаллар мунтазам равишда эфирга узатилди. Мониторинг натижаларига қараганда, партиялардан кўрсатилган номзодлар Миллий телерадиокомпания теле ва радиоканалларида ўзларига берилган бепул эфир вақтидан тўлиқ фойдаланди. Яъни тенг имкониятлар тамойили таъминланди.
МСКнинг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ташвиқот учун “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” марказий газеталарида 10 саҳифалик нашр майдонидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Мазкур қоидага қатъий риоя этилди. Қолаверса, Марказий сайлов комиссияси қонунчиликка мувофиқ, ташвиқот ишларида иштирок этган ҳудудий ОАВ фаолиятини ҳам тартибга солиб борди.
Шубҳасиз, сайлов кампанияси ахборот таъминоти бўйича энг асосий юк давлат оммавий ахборот воситалари зиммасида бўлади. Шулар қаторида қонунчиликда ушбу жараёнларда нодавлат ОАВ иштирок этиши учун имконият яратилган. Улар ҳам ўтган сайловларда бу борадаги салоҳиятини намоён этишди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқига оид қоида давлат муҳофазасида бўлиб, у оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги фаолияти аниқ тартибга солинганида ҳам ўз ифодасини топган.
Салим Дониёров,
Институтнинг Лойиҳа раҳбари
Манба: “Халқ сўзи” газетаси, 20.10.2016 й., №207 (6612)