Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Fotosuratlar

Milliy hamkorlarimiz

Xalqaro hamkorlarimiz

Ижро этувчи ҳокимият органлари фуқаролар йиғини фаолиятига кирувчи масалалар юзасидан ҳисобдор

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси  Қонунининг 11-моддасида мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (кейинги ўринларда - ФЎЎБО) ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари (кейинги ўринларда - ФЙ) фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш ваколатига эга эканлиги белгиланган.

Ушбу ваколатдан ФЎЎБОларининг фойдаланиши – соҳага доир масала ва муаммоларни ҳал қилишга, ижро ҳокимияти органларининг ФЙ билан  ижтимоий ҳамкорлигини кучайишига,  халқ билан давлат органларининг мунтазам мулоқотини таъминлашга, аҳолининг ижро ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шу сабабли, Институт томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг ФЙ фаолиятига кирувчи масалалар юзасидан 2017 йил I чораги якунлари бўйича ҳисоботлари ўрганилди.

Ўрганишлар натижасига кўра, Республика миқиёсида ФЎЎБО томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг 249 та ҳисоботи эшитилган. Хусусан, республикадаги 194 та шаҳар ва туманнинг 30 тасида (15,5%) ҳисобот йиғилишлари ташкил этилган, 164 тасида (84,5%) ижро этувчи ҳокимият органлари ФЎЎБОларига ҳисобот бермаган. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳисоботлари Қорақалпоғистон Республикаси (13 та шаҳар ва туманларида), Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий (8 та шаҳар ва туманларида), Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона (16 та шаҳар ва туманларида), Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида эшитилмаган.

Мазкур ҳисобот йиғилишларида ичимлик суви, газ ва электр таъминоти, ҳудудларни ободонлаштириш, аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ва унинг сифатини яхшилаш, аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлаш, бандликка кўмаклашиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва кредит ажратиш, автомобил йўлларига йўл белгиларини ўрнатиш, ёшлар учун спорт майдонларини қуриш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам пулларини ажратиш, маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги марказий ва ички йўлларни таъмирлаш, уй-жойга эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга арзонлаштирилган нархларда янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан имтиёзли кредит асосида хонадон ажратиш масалалари кўриб чиқилган.

164 та шаҳар ва туманда ҳисобот эшитувларини ташкил этилмаганлиги сабаблари мутахассисилар ва экспертлар иштирокида ўрганилганда қуйидагилар маълум бўлди. Хусусан, ҳисобот эшитувларини айрим ҳолларда ФЙлари томонидан ҳисобот эшитувларини ўтказиш бўйича ижро этувчи ҳокимият органларига мурожаат қилинганда маҳаллий ҳокимият органлари ҳисобот беришни рад этиш ҳолатлари кузатилди.

ФЖШМҚМИ экспертлари маълумотларига кўра, ҳисобот эшитувларини ташкил этилмаслигининг яна бир сабаби бу ФЎЎБОлари томонидан тегишли ижро этувчи ҳокимият органига ҳисобот эшитувини ташкил этиш юзасидан мурожаат этилмаганидир.

Шунингдек, қонун ҳужжатларида ФЎЎБОларига ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ФЙ фаолиятига кирувчи масалалар юзасидан ҳисобот бермаганлиги учун жавобгарлик белгиланмагани амалиётда ҳокимият органларининг ФЎЎБОларига ҳисобот бермаслик ҳолатларига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга,  жойларда маҳаллий ҳокимият органлари ҳисоботларини ташкил этиш ва ўтказиш ишларига Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар ва туман кенгашлари раҳбарлари томонидан эътибор қаратилмаган. Қолаверса, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан фуқаролар йиғинларининг тегишли ижро ҳокимияти органи ҳисоботини эшитиш тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилиши устидан назорат амалга оширилмаган.

Ижро этувчи ҳокимият органларининг ФЙ фаолиятига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш, муҳокама қилинган масалалар, қабул қилинган қарорлар ва уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ОАВ томонидан танқидий ва таҳлилий материаллар орқали етарли даражада ёритилмаган.

Шу ўринда, ижро этувчи ҳокимият органларининг ФЙ фаолиятига кирувчи масалалар юзасидан ҳисобот бериш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун қуйидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир:

  • ҳисобот эшитувларини ташкил этиш борасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар ва туман кенгашларининг ваколатларини кенгайтириш;
  • ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ФЙлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича ҳисоботларини эшитиш тартиб-тамойилларини янада такомиллаштириш;
  • ижро этувчи ҳокимият органларининг ФЙлари фаолиятига кирувчи масалалар бўйича ҳисобот бериш тартибини бузганлиги учун жавобгарлигини тегишли қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиш;
  • аҳолини ҳисобот эшитувларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хабардорлик даражасини ошириш;
  • ҳисобот эшитувлари ва унинг натижаларини ёритиш ва халқ муҳокамасига олиб чиқишда ОАВлари иштирокини кучайтириш.

ФЎЎБОларида йилнинг ҳар чорагида ижро ҳокимияти органларининг мунтазам ҳисоботини эшитиш – аҳолинининг ижро ҳокимияти органларига бўлган ҳурмати ва ишончини кучайтиради, мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда, маҳаллий ҳокимият даражасида ҳал қилиш имкониятини яратади, жойларда давлат ва маҳаллий дастурларни бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини самарали амалга оширилишини таъминлайди.

 

 

 

Беҳзод Султанов,  ФЖШМҚМИ етакчи  мутахассиси