Инсон манфаатларини таъминлаш – устувор вазифа бўлиб қолади

Инсон манфаатларини таъминлаш – устувор вазифа бўлиб қолади

... Ҳаммамиз тушунамизки, халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш – бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас. 

Бу масала келгуси беш йиллик фаолиятимизда ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолади ва бу ҳақиқатни ҳаммамиз чуқур тушуниб, яхши англаб олишимиз шарт. Чунки, биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак, уларнинг барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз. 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Халқ билан мулоқотдан асосий мақсад – жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли таъминлашдир. Хўш бу борада олиб борилаётган тизимли тадбирлар, барча саъй-ҳаракатлар қандай натижа бермоқда? Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастури ижроси, юртдошларимизнинг кайфияти, халқ билан мулоқот механизмининг самарадорлигини атрофлича ўрганмоқда. Хўш, таҳлиллар нималарни кўрсатмоқда? Одамлар Халқ қабулхоналарида кўрсатилаётган хизматлардан розими?

Расмий веб-сайтлар мулоқот учун қанчалик очиқ?

Институт мутахассислари олиб борган тадқиқотларга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бир қатор расмий сайтлари Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастурида белгиланган вазифаларни қисман бажарган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари веб-сайтларида ҳудудий ривожлантириш дастурлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ташкилий тузилмалар ҳамда раҳбарият тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ жойлаштирилмаган. Шунинг учун ҳам, мазкур сайтлардан фойдаланувчилар ойига ўртача 189 нафарни ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Андижон, Жиззах, Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари сайтлари бир ҳафтада тўрт маротаба ахборотлар билан янгиланса, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилояти ҳокимликлари сайтлари ҳафтада уч маротаба, Навоий ва Хоразм вилояти ҳафтасига икки марта янги маълумотлар билан бойитилади. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги сайти ойига 2 марта қайта кўриб чиқилади, Наманган вилояти сайтида эса янгилик киритилган муддат умуман аниқланмаган.

Хабарларнинг янгиланмаслиги, ҳоким ва ҳоким ўринбосарларининг қабул куни ва вақти ҳақида маълумотларнинг йўқлиги ҳам фойдаланувчиларнинг бу каби сайтларга киришини сусайтирган. Мисол учун, Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Хоразм вилоят ҳокимликларининг сайтларида кўриб чиқилган мурожаатларнинг умумий сони бор, холос. Мурожаатнинг мазмуни, кўриб чиқилган санаси, унга берилган жавоб, хулосалар ҳақида ҳеч қандай маълумот жойлаштирилмаган. Қашқадарё вилоят ҳокимлиги сайтида эса Мурожаатлар деган рукн бор. Аммо унинг мундарижасида ҳеч қандай маълумот, мурожаат қилиш тартиби, қайси давлат органига савол йўллаш мумкинлиги аниқлаштирилмаган. Андижон вилояти ҳокимлигининг веб-сайтида 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деган рукн бўлса-да, унинг ичидаги маълумотлар 2014 йил Соғлом она ва бола йилига тегишли.

Барча веб-сайтларда услубий ва орфографик хатоларни ҳам кўплаб учратиш мумкин. 2016 йилнинг 9 ойи давомида материаллар сони билан бу йилгиси таққосланганда сайтларга жами 944 та янгилик, хабар жойлаштирилгани маълум бўлди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 38 фоиз кам. Мутахассисларнинг фикрича, бунинг асосий сабаби вилоят ҳокимликларида Ахборот хизмати, Матбуот котиби штатининг оптималлаштирилиши билан боғлиқ. Расмий сайтларнинг фаол эмаслиги ва асосан эски маълумотлардан иборатлиги давлат бошқаруви органларининг очиқлигини чегаралайди.

90 фоиз респондент Халқ қабулхонаси ҳақида хабардор

Халқ қабулхонаси – сиз у ҳақида нималарни биласиз? Институт ходимлари томонидан ўтказилган шу мавзудаги социологик тадқиқотда 4 мингдан ортиқ респондент қатнашди. Натижалар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ ва виртуал қабулхонаси давлат органларига мурожаат қилишнинг самарали механизми сифатида шаклланган. Сўровда иштирок этганларнинг учдан бир қисми – 28 фоизи ўзи ҳам қабулхоналарга мурожаат этган. Халқ ва виртуал қабулхоналар аҳолининг потенциал ишончига кирган. Сўровда қатнашганларнинг катта қисми – 88 фоизи қабулхонага мурожаат қилганда ижобий жавоб олган.

Тадқиқот натижалари сайёр қабуллар Халқ билан мулоқотнинг нисбатан самарали механизми эканини кўрсатмоқда. Айниқса, ёши 50 дан ошганлар «юзма юз» мурожаатларни афзал кўриши маълум бўлди. Шаҳарда яшовчилар (айниқса, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган эркаклар) электрон мурожаатни танласа, қишлоқ аҳолиси нисбатан анъанавий, яъни ёзма мурожаат қилишган. Бу борада вилоятларда ҳам ўзига хос фарқлар кузатилди.

Муҳими, барча ҳудудлардаги респондентлар Халқ қабулхоналари уларнинг муаммоларини, шикоят ва таклифларини ўз вақтида қабул қилаётган тизим сифатида билади ҳамда бу ерда муаммолар ўз вақтида ечим топишига катта ишонч билдиради. Шу билан бирга, халқ ва виртуал қабулхоналар одамларнинг фуқаролик позициясини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан тегишли жамоатчилик назорати ўрнатишга хизмат қилаётгани таъкидланмоқда.

Шароит ҳам муҳим

Халқ қабулхоналари иш олиб бораётган бинолар ва уларнинг атрофи, фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам институт ходимлари томонидан батафсил ўрганилди. Жумладан, бинодаги шароит, унга келадиган йўлларнинг аҳволи, кутиш хонаси ва ёш болали оналар учун қулайликлар таҳлил қилинди.

Аниқланишича, кўпгина туманларда қабулхоналарга келадиган йўллар таъмирталаб аҳволда. Она ва бола хонаси учун махсус ходимлар ажратилмаган. Айниқса, Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод шаҳарлари, Зангиота ва Қуйичирчиқ туманларида бу каби камчиликлар қайд этилган. Кўпгина биноларда туман ҳокими, туман прокурори, ишчи ишлар бўлими бошлиғи ва солиқ инспекцияси бошлиғининг қабул кунлари аниқ белгилаб қўйилмаган. Кутиш учун ҳам ҳеч қандай қулайлик яратилмаган.

Институт ходимлари 4 мингга яқин шикоят ва таклифнинг мазмунини ҳам ўрганди. Уларнинг асосий қисми бандлик, уй-жой билан таъминлаш, пенсия ва ижтимоий тўловлар, ҳуқуқ тартибот органлари фаолияти, соғлиқни сақлаш ва суд қарорлари ижроси билан боғлиқлиги аён бўлди. 

Муҳими, уларнинг асосий қисми туман халқ қабулхонасининг ўзида ҳал қилинган. Бу ҳар бир мурожаат билан алоҳида ишланса, муаммо шу жойнинг ўзида ҳал қилиниши мумкинлигини тасдиқлайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, жойларда сайёр қабулларнинг ташкил этилиши аҳолининг ишончини янада оширишга хизмат қиляпти. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, вазирлар, қўмита, ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ҳокимлари иштирокида ташкил этилаётган сайёр қабуллар кутилган самарасини бермоқда. Шу боис аҳоли кўпроқ ўз мурожаатларини айнан улар орқали билдиришга интиляпти.

Қисқаси, Халқ қабулхоналари фуқароларнинг ҳаётида учраши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш, ўзи учун керакли деб ҳисобланган таклифлар билан мурожаат қилиш, турли соҳалар бўйича мансабдор шахслар фаолиятида йўл қўйилаётган хато ёки масъулиятсизлик, ноқонуний хатти-ҳаракат ва ҳаракатсизлик устидан шикоят қилиш имконини бермоқда. Фуқароларнинг манфаатлари таъминланган жамият энг олий жамият ҳисобланади. Халқ қабулхоналари мамлакатдаги ижтимоий муҳитга ижобий таъсир кўрсатди. Одамлар мурожаат қилиш маданиятини ўрганяпти, ўз муаммосини айта оляпти. Мулоқот жараёнида ўзи учун зарур ҳуқуқий билимларни ўзлаштиряпти.

Возврат к списку